РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтган ёзги таътил давомида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ўтказиш мақсадида “5 ташаббус таътилда” шиори остида “Рақснинг мафтункор жилоси”, “Оҳангларим етиб борсин дилларингизга”, “Ёш ижодкорлар”, “Китобхон оила”, “Йил ҳикояси”, “Мен, отам ва онам спортчи оиламиз”, “Таътил – спорт билан таътир” йўналишларида онлайн танловлар ташкил этилгани ҳақида хабар бергандик.


Бугун мазкур республика танловида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Самарқанд шаҳридаги 24-мактабда ўтказилган тадбирда вилоят болалар кутубхонаси директори Юсуф Муҳаммадиев, шаҳар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Анвар Нурмуратовлар сўзга чиқиб, Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусининг ёшлар камолотидаги аҳамиятига тўхталиб ўтишди. “5 ташаббус таътилда” шиори остида ўтказилган мазкур танловда “Рақснинг мафтункор жилоси” йўналишида ғолибликни қўлга киритган мактаб ўқувчиси Эмир Нарзуллаевга Халқ таълими вазирлигининг дипломи ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Дарҳақиқат, мазкур танловнинг “Китобхон оила” йўналиши бўйича Иштихон туманидаги 7-мактаб ўқувчиси Учқун Тоштурдиев ҳамда унинг оила аъзолари қатнашиб, республикада 3-ўринни қўлга киритган эди.


Шу муносабат билан ғолиб ўқувчи ҳамда унинг ота-онасига ҳам Халқ таълими вазирлигининг дипломи ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Тадбирда иштирок этган Иштихон туман халқ таълими бўлими мудири Иззатилло Фозилов ўқувчиларни табриклаб, уларни бундай танловларда фаол иштирок этиш, тинмай изланишга чақирди.


Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.