ТАЪЛИМНИНГ МИЛЛИЙ ФАЛСАФАСИ

Дунёда таълим жамият ривожининг устувор йўналиши сифатида ҳар қандай халқнинг асосий кўрсаткичларидан бирига айланган. Инсон капиталини шакллантириш, шахс салоҳиятини рўёбга чиқариш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири саналади. Давлат ўз олдига қандай юксак мақсадларни қўйса, шунга мувофиқ таълим тизимини яратишга интилади.
Зеро, таълим миллатнинг орзу-умидларини, келажак мақсадларини ўзида мужассам этган ягона яхлит соҳа ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, таълимнинг даражаси миллатнинг келажак истиқболини яратишга қодир бўлган фалсафий тафаккурнинг маҳсулидир. Бу илмий тилда таълимнинг миллий фалсафаси, деб аталади.
Таълим фалсафаси асосида халқнинг маданияти, турмуш тарзи, асрлар давомида шаклланган ҳаётий қоидалари — қадриятлари мужассам бўлади. У билиш, борлиқни идрок этиш, педагогик фаолият асосларини такомиллаштириш, унинг мақсад ва идеалларини, ташкилий моделларини таҳлил қилишга қаратилган ғоялар, таълимотлар йиғиндисидан иборат. Фалсафий дунёқараш замон ва маконни идрок этиш, мавжуд маънавий ва моддий неъматларни тасарруф этиш, эгалик қилиш, тақсимот қилиш, умумхалқ фаровонлиги йўлида келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш каби қарашларнинг назарий таълимотини яратади. Жамият ҳаётини такомиллаштириб боришга хизмат қилади.
Таълим фалсафаси бевосита ҳаёт моҳиятини ташкил этувчи яхши фазилатларни авлодларга етказиш орқали замонавий инсоннинг қиёфасини шакллантиришга қаратилади. Ақл ва тафаккур, эркинлик ва эътиқод туйғусини ҳис қилиш, адолат ва ҳақиқатга интилиш, дунё билимларини эгаллаш ва ҳаётда шу қадриятларга амал қилиб яшаш кўникмаларини шакллантиради. Таълимнинг миллий фалсафаси инсон қалбининг маънавий озуқаси сифатида “Авесто”, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Калила ва Димна”, “Қобуснома” “Қутадғу-билиг”, “Муҳаббатнома”, “Девони луғатит-турк”, “Гулистон”, “Зарбулмасал”, “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб”, “Ал-муфрад”, “Зубдатул ҳақойиқ”, “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва бошқа кўплаб шу каби асарларимизда мужассам. Улардаги адолат, жасорат, қадр-қиммат, ор-номус каби эзгу фазилатлар янги авлод руҳиятида ўзликни сақлаб қолиш имкониятларини беради. Шу тариқа мутафаккирларимиз таълимни тарбия билан боғлаш орқали юксак ахлоқий қадриятларни ўзлаштирган шахснинг қиёфасини яратишга эътибор қаратишган. Афсуски, дарсликларимизда уларнинг аксариятига ўрин ажратилмаган. Мавжудлари ҳам биографик тафсилотлардан нарига ўтмайди. Болалар тарихий қаҳрамонларимиз ҳаётидан сабоқ ололмайди, тўйинмайди. Унда қандай қилиб ўсмирда миллий ғурур пайдо бўлиши мумкин?
Хитой тажрибасида “Сифатли инсон” концепцияси таълим стандартларига киритилган. У барча фанлар таркибига мажбурий сингдирилиб борилади. Физиками, химиями, чизмачилик дарсими, фарқи йўқ, “Хитойлик — Хитой учун” ғояси унинг тафаккурида шаклланиб боради. “Сифатли инсон” формуласи шахс камолотини шакллантиришда ўзини идора этиш, инстинктларидан устун тафаккурга бўйсуниш, ташқи салбий таъсирларга тушмаслик, бағрикенглик тамойилига амал қилиш кўникмаларини ривожлантиради. Одамлар қандай бўлса, шундайлигича қабул қилинади. Уларнинг камчилик ва нуқсонларига қарамасдан сабр билан қабул қилишга қаратилган сабоқлар ўргатиладики, бундай сифатларга ишлаб чиқариш самарадорлигини оширувчи омиллар қаторида қаралади. Яъни, фазилатларга тўйинган сифатли шахс сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Хитой фалсафасида инсоннинг замонавий коммуникабиллиги эзгулик билан уйғунлашган ва шу қадриятлар билан ўз манфаатларини ифода этишга қаратилган. Унга умуммаданий фазилатларни эгаллаш орқали индивидуал, жамоавий ҳамда миллий манфаатлар устуворлигига содиқ қолиш масъулияти юкланади. Айниқса, ёшлар даврнинг эзгулик мезонларини ёвузлик иллатларидан фарқлай олиш қобилияти жамиятнинг барча соҳаларида рағбат тизими сифатида шакллантирилган. Шу сифатлар билан тарбияланган шахс жамиятда ўз қобилиятларини татбиқ этиш имкониятига эга бўлади. Бу “Сифатли инсон” + “Маҳоратли мутахассис” = “Шахс” формуласини яратишга қаратилган таълим фалсафасини ташкил этади. Сифатли шахсни яратишга қаратилган мазкур таълим фалсафаси математик моделлаштириш орқали ишлаб чиқилганлиги сабабли амалий натижалари ҳам олдиндан аён.
Бизда эса бирон-бир мактабда ёхуд олий таълимда ёшларга ҳаётда керак бўладиган нарсалар нега ўргатилмайди? Масалан, биз қандай қилиб ўзини ушлаш, креатив фикрни ифода қилиш, ўз ҳаётий йўлини танлаш, салоҳиятини намоён қилиш, одамлар билан самарали мулоқот қуриш, ҳамкорлик қилиш, ўз вақти ва эътиборини тўғри тақсимлаш, мақсадлар қўйиш, муаммолар ечими бўйича мустақил қарорлар қабул қилиш, ҳиссий билиш салоҳиятини, ижтимоий масъулиятини оширишга эътибор қаратмаймиз. Мактаб ва университет дастурларида келажак таҳдидларига, ҳаётий реалликларга нисбатан ўқувчиларни бўш тайёрлаймиз, ўткир муаммоларга бефарқмиз ёки улардан қочишга ҳаракат қиламиз.
Хўш, шундай экан, бугун бизда миллий таълимни ривожлантиришнинг қандай моделлари мавжуд? Миллий мақсадларимизни рўёбга чиқаришда бизга қандай шахслар керак, унинг сифатлари қай амаллар билан шакллантирилади? Даврнинг даъватларига муносиб, рақобатбардош қандай мутахассислар тайёрлашимиз керак? Бу мақсадлар қандай қадриятларга суяниши керак ва унга қай воситалар билан эришамиз? Мазкур муаммолар мажмуини қамраб олган миллатнинг таълимга доир яхлит концепцияси (фалсафаси) қачон ишлаб чиқилади?
Тарих тажрибасидан маълумки, миллатнинг таълим фалсафаси асосида халқнинг таълим концепцияси яратилади. Бунда жамиятни мустаҳкамлашга қаратилган илғор, етакловчи ва ривожлантирувчи ғояларнинг тизимли тартибда ташкил этилган, ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган, самарали фаолиятини таъминлашга хизмат қилувчи миллий дастур назарда тутилади. Таълим концепцияси жамиятнинг маънавий ва моддий эҳтиёжларини қондиришга, орзу-умидлари, келажак мақсадларини ифода этишга қаратилган қадриятлар мажмуи ҳисобланади. Шу қарашлар асносида миллатнинг қиёфаси ифодаланади, янги авлоднинг миллий коди яратилади, қадриятлар қарор топган шахс сиймоси вужудга келади, мустақил ҳаётда рақобатбардош мутахассис шакллантирилади.
Муаммо шундан иборатки, бизда таълим дейилганда, фақат таълим тизими муассасалари тушунилади. Шу сабабдан таълим ижтимоий ҳаётдан ва ишлаб чиқариш муносабатларидан айро ҳолда вужудга келган. Таълим-тарбиянинг узвийлиги нафақат ўқув жараёнларининг узвийлиги билан, балки бутун жамиятнинг барча ишлаб чиқариш муносабатлари билан уйғун таъминланиши лозим. Таълимнинг фалсафаси жамиятнинг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маънавий ҳаётида ўз ифодасини топиши керак. Таълимнинг мақсади, аслида, жамият эҳтиёжларини қондиришдан иборат. Бизда эса, жамият ўз тартиботлари билан, таълим ҳам ўз қоидалари доирасида фаолият юритмоқда. Бундай номутаносиблик натижасида салоҳият ва иқтидор жамиятда ўз қийматини топмайди. Бошқача айтганда, ўқитувчи ўқувчига адолатли ва жасур бўл деб тарбия беради, лекин маънавий асослари шаклланмаган жамиятнинг тизими бундай фазилатларни қабул қила олмайди ёки рағбатлантирмайди. Натижада жамиятнинг маънавий ва моддий ҳаёти ўртасида катта жарлик ва тафовутлар вужудга келади. Мазкур муаммоларни англаш ва тан олиш — бу биринчи қадамдир. Аслида ана шу жараённинг ўзи ҳам оғир кечмоқда.
Иккинчи қадам. Мамлакатимизда стратегик ислоҳотлар амалга оширилаёган бир пайтда, таълим жамият ривожининг локомотиви бўлиши керак. Лекин бизда таълим ғоявий ва маърифий етакчилик қилиш ўрнига турғунлик ҳолатини бошидан кечирмоқда. Албатта, янги олий даргоҳлар, хусусий мактаблар очилмоқда, лекин улар миллий таълимнинг фундаментал яхлит асосини ташкил қилмайди. Гап жамият ҳаёти билан узвий боғлиқ таълим концепциясини яратиш тўғрисида бораётибди. Тизимда айрим қисмларнинг ташкил этилиши ёхуд маошнинг кўтарилиши миллий таълимнинг шаклини ёхуд унинг мазмунини ҳосил қилмайди. Стратегик таълимотлар ёндашувига кўра, бугунги мақсадларимизга ҳамоҳанг жамиятнинг барча бошқарувларида структуравий ўзгаришлар вужудга келиши лозим. Модернизациялашган замонбоп ташкилий структуралар илмий-маърифий тамойиллар асосига қурилиши функционал вазифаларнинг самарали фаолиятини вужудга келтиради. У илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг умуммиллий моделини вужудга келтириш билан белгиланади. Табиий ривожланиш қонуниятига кўра, оқилона ташкил этилган модел фаолияти борган сари такомиллашиб боради ва жамиятнинг илмга бўлган эҳтиёжлари ҳам ортиб боради. Бизга амалдорларнинг субъектив қарашларидан холи бўлган, ўз қонуниятларига суянувчи жамиятнинг таълим тизими керак.
Жамиятнинг мақсад ва манфаатлари мутаносиблигининг ҳуқуқий мезонларини белгилаш муҳим вазифалар қаторига киради. Улуғ ва эзгу мақсадлар мукаммал воситалар билан таъминланади. Маърифатсиз ва лаёқатсиз бошқарув уни бадном қилишдан нарига ўтмайди. Самарали бошқарув ностандарт фикрловчи, ижодий тафаккурга эга олимлар ва шахслар орқали таъминланади. Таълимнинг бошқарув идораларида ошкора ва шаффоф сайлов тизимлари ташкил этилмас экан, стратегик мақсадлар амалга ошмаслиги турган гап. Чунки ижрочи маъмур ўзи каби ижрочи маъмурларни йиғади. Стратегия ўз моҳиятига кўра ижодкор, изланувчан, ташаббускор, новатор, тафаккур қилувчи шахсларни талаб қилади.
Таълимда лаёқатсизликнинг оммавий тус олиши инновацион ғояларни идрок этиш маърифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Раҳбарларда илғор ва етакчи ташкилий воситаларни излаб топиш ўрнига давлатнинг кейинги кўрсатмаларини кутиб туриш амалиёти шаклланиб қолган. Шунинг учун ҳам бошқарув структурасини ўзгартирмасдан янгиликни юзага келтириш қийин. Инновацион бошқарувнинг замонавий, жамоавий, изчил ва тезкор усулларини татбиқ этмасдан, субъектларнинг ташаббуси ва масъулиятини оширмасдан ўзгаришларга эришиб бўлмайди. Бу вазифалар фақат салоҳиятли, юксак тафаккурли шахслар фаолияти билан таъминланади. Структуравий ўзгаришлар кафедра, деканат, ректорат, олий таълим вазирлиги ва соҳа вазирликларининг масъулият ҳамда ваколатлари чегарасини белгилаш билан мавжуд монопол ёндашувларга барҳам берилади. Зеро, стратегик мақсадлар узоққа мўлжалланган режалаштириш санъати, бошқарув ва раҳбарлик маҳорати, бу жараёнларнинг кейинги босқичларини идора қилиш, жамоатчиликни сафарбар этиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш каби маҳоратларни талаб қилади. Бу маҳорат ноёб истеъдод сифатида ҳаммага ҳам берилмаган. Шунинг учун структуравий ўзгаришларни истамаймиз. У бизнинг ожизлигимизни фош қилиб қўяди. Фақат буйруққа асосланган турғун бошқарувда эса “балиқлигимизни” ҳис қиламиз, холос.
Учинчи қадам. Ҳар қайси ташкилот ўз мақсадларини рўёбга чиқаришнинг функционал вазифаларини аниқлаши, тақсимлаши, ваколатлар мувозанатини белгилаши керак. Самарали маҳсулдорлик масалалари илмий асослар негизида қурилиши ва назарий таълимотларга бўйсундирилиши лозим. Масала шундаки, давлат жамият олдига стратегик мақсадларни қўяётган бир пайтда, ҳар бир ташкилот ёхуд вазирлик ва идораларнинг умумий мақсадларига ҳамоҳанг стратегик мақсадларни ишлаб чиқиши инновацион ёндашувларга боғлиқ. Инновация — бу фан! Кимнингдир амалий тажрибаси билан ўйлаб топилган ва четдан олиб, жорий этилган тадбирлар инновация бўлолмайди. Инновацион ёндашув мавжуд вазият муаммоларини ҳал этиш баробарида оқилона воситаларни танлаш ва самарадорликка эришиш методологияси демакдир. Бундай вазифаларни ҳал этишга Ўзбекистон олимларининг ҳам қудрати етади. Аммо сафарбарлик, рағбат йўқ. Ўртадаги маъмурий бўғинлар топшириқларни ўз “талқинида” ва “рапорт” учун амалга оширади. Шунинг учун илмий жамоалар ғафлатда, ишлаб чиқариш муносабатларидан узилиб қолган. Ваҳоланки, ислоҳотларни таъминловчи омил инсон ва унинг интеллектуал капитали бўлиб ҳисобланади. Уларни ҳисобга олиш билан жамиятда рақобат муҳити вужудга келади.
Бугун мутахассис тайёрлайдиган кафедраларнинг бошқаруви ишлаб чиқариш билан қандай ваколатлар доирасида боғланиши керак? Улар ўртасидаги мажбуриятлар қандай белгиланади? Унинг замонавий модернизациялашган шакли, илмий фаолият моҳияти нималардан иборат бўлиши керак? Худди шундай саволларни ишлаб чиқариш корхоналарига нисбатан ҳам ишлатсак бўлади. Бизда инновацион бошқарувнинг ташкил этилганига уч йил бўлди. Аммо унинг структуравий функционал фаолиятини ташкил этиш учун яна қанча вақт керак? Ваҳоланки, дунё илм даргоҳларида кафедра назарий таълимотларни ишлаб чиқадиган ҳамда мутахассис тайёрлайдиган энг асосий ва муҳим ваколатли бўғинлардан бири ҳисобланади. Ректорни менежер сифатида олимлар танимаслиги мумкин, лекин кафедра мудири у ёки бу фаннинг асосчиси сифатида энг эътирофли шахс. Унга ўтказиладиган сайлов шаҳар мэрлигига ўтказиладиган сайловдан баланд даражада туради. Бизда кафедра фаолияти мутлақо издан чиққан. Ким “чаққон” бўлса, шу мудир.
Бир пайтлар тақдир тақозоси билан Кореянинг Гонвон университетига хизмат сафарига борган эдим. Шунда архитектор олимлар билан бўлган суҳбатда, бу иншоотни биз қурганмиз, у лойиҳани биз яратганмиз, деб қилган ишлари билан таништирдилар. Мен қизиқиб савол бердим: “Сизлар олим бўлсангизлар, қурилишга нима алоқаларингиз бор?” Улар саволимдан ҳайрон бўлдилар. Кейин шундай дейишди: “Бизлар лойиҳаларни тайёрлагач, қурувчилар ўртасида тендер ўтказамиз. Кимнинг технологияси кучли бўлса, шу корхонага иншоотни қуриш учун рухсат берамиз. Яъни, давлат буюртмани (маблағни) бизга беради, бизнинг илмий лойиҳамизни мутахассислар амалга оширишади. Бизда қурувчиларни инспекция қилиш ҳуқуқи ҳам бор. Мабодо улар лойиҳадан четга чиқса, уларни бу ишдан маҳрум қилишимиз мумкин”. Мана, сизга илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси. Таълимнинг фалсафаси ана шу узвийликни англашга даъват қилади ва у тегишли қонунларда акс эттирилиши лозим. Бизда эса, тендерни амалдор ўтказади. Тендернинг соҳиби ҳам аввалдан маълум. Афсуски, ишлаб чиқариш жараёнлари таркибига фан кириб бормас экан, бу ўғирлик ва коррупциянинг интиҳоси кўринмайди.
Тўртинчи қадам. Бу таълимнинг меъёрий ҳужжатлар тўплами билан боғлиқ вазифа. Таълимнинг меъёрий ҳужжатлари таълим фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан ташкил этишнинг расмий дастурлар мажмуи бўлиб ҳисобланади. У профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва амалий фаолиятини ташкил этади, тартибга солади, назорат қилади. Бугунги кунда мавжуд меъёрий ҳужжатлар мўлжалланаётган таълимнинг мақсадларига зид келади. У, биринчи навбатда, олимнинг ижодий салоҳиятига кенг имкониятлар яратилишига қаратилиши лозим. Лекин вазият тубдан тескари. Кафедрада профессор 20 йиллаб ўтиб келаётган фанининг ўқув режаси ва дастурларини ўзгартириши, такомиллаштириши мумкин эмас. Чунки у вазирликда тасдиқланган. Масалан, Германияда профессорнинг дастури ҳам йўқ. У шу фаннинг эгаси, ҳеч бўлмаганда ижодкори. Унга ишонмаслик ёхуд кўрсатма бериш уят. Бизда эса стандарт меъёрлардан чиқиб кетган олим жазоланади. Боз устига, яна қандайдир ижрочи маъмурлар олимнинг ижодий салоҳиятини эмас, журналини назорат қилади. Дарсларнинг ҳаддан ортиқ кўплиги олимларни илмий изланишлардан чеклайди, дарснинг сифатини пасайтиради, талабанинг меъдасига тегади. 800-1000 соатдан ортиқ дарс соатларининг белгиланиши, ижодий маҳсулотнинг юкламадан олиб ташланиши унда хуфёна мақсадлар яширилганлигидан далолат бермайдими?
Олимларни тобеликда ушлаш талабаларни баҳолашнинг рейтинг тизими орқали ҳам намоён бўлади. Рейтинг мезонлари таниш-билишчилик ва коррупциядан бошқа нарсага ярамайди. Унга кўра, талаба тўрт марталаб қайта имтиҳон топшириши мумкин. Талабалар илм олиш учун эмас, баҳо (стипендия) олиш учун тўртинчи марта, албатта, йўлини топади. Топмаса, ўқитувчи устидан тепароққа арз қилади. Мақсадимиз дунё илм-фан интеграциясига чиқиш. Қандай қилиб? Уни ким амалга оширади? Кўриб турганимиздек, таълимнинг монопол бошқаруви нафақат ижодий ёндашувларга тўсиқ, балки турғунликка ҳам сабаб бўлмоқда.
Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,
сиёсий фанлар доктори
Бизни кузатиб боринг:👇👇👇
@Gazeta_Adolat