ta'lim yulduzlari
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси
Жўрабек МУРОДОВ, Пешкў туманидаги 18-мактабнинг математика фани ўқитувчиси
ЧЕККА ҚИШЛОҚДАН ЖАҲОН МАЙДОНИГА ЙЎЛ ОЧИБ...
Шоваре Пешкў тумани марказидан 15-20 километр олисда жойлашган чекка бир қишлоқ. Мўъжазгина бу қишлоқнинг одамлари чумолидек меҳнаткаш. Азалдан деҳқончилик, чорвачилик билан рўзғор тебратиб келишган, бори орзу-ҳаваслари ҳам шунинг ортидан. “Ерга қанча кўп меҳр берсанг, турмушинг шунча тўкин бўлади. Чорванг қанча кўп бўлса, қаддинг шунча тик бўлади”, деган ақида билан фарзандларининг-да суягини меҳнатда қотиришган. Баайни шоир айтганидек,
Деҳқон бува, хўп ажойиб феълингиз бор,
Пойтахтларга алишмайсиз далангизни.
Ўқиб олим бўлармидинг, дея қистаб,
Пахтазорга етаклайсиз болангизни.
Шу боис ҳам яқин-яқинларга довур бу қишлоқ болалари илмга у қадар ихлос билан қарамаган.Улар таҳсил олаётган мактабда муаллимлар ҳам етишмас, четдан ўқитувчи ёллаш йўли билан кемтиклик ўрни баҳарнави тўлдириб турилган. Бироқ, қишлоқ аҳлининг одатий қарашлари, ақидаларини четлаб, атрофга ўзгача назар билан қарашга журъат қилган одамлар ҳам яккам-дуккам топилиб турган. Улар бошқалардан фарқли ўлароқ, инсон бахту саодатини илму маърифатда кўришган. Ўша кезлари мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган Ҳакима опа ҳам шулар қаторида қишлоғи болаларининг қалби илму-фан зиёси билан равшан тортиб, дунёни теранроқ англашини орзу қилган. Шунинг учун ҳам фарзандларининг ўқитувчи бўлишини истаган.
-Бир куни онам менга “Сен математика ўқитувчиси бўлишинг керак” дедилар. Ўшанда бошланғич синфда ўқирдим, сабабини суриштириб ҳам ўтирмаганман, -дейди Жўрабек Муродов болалик хотираларини ёдга олиб. -Энди ўйлаб қарасам, онам мактабимизда математика фани ўқитувчиси йўқлиги сабаб, болаларнинг бу фандан бебаҳра қолишидан хавотирланган. Аммо у кишининг биргина шу истаги ҳаёт йўлимни белгилаб берди. Мактабда доим аъло баҳоларда ўқишга ҳаракат қилдим. Айниқса, математика фанини ўзгача иштиёқ ва қунт билан ўзлаштиришга интилардим. Устозимиз Турди Ортиқовнинг кишида унитилмас таассуротлар уйғотадиган ўзига хос қизиқарли дарсларини сира ўтказиб юбормасдим. Ҳаётий танловимнинг амалга ошишида катта тажрибага эга бўлган бу устозимнинг ҳам салмоқли ўрни бор. Умуман, бугунгача эришганларим учун барча устозларимдан миннатдорман.
Ҳа, Ҳакима опанинг орзулари ушалди. Ҳар иккала фарзанди ҳам ўқитувчилик касбини эгаллади. Улар бугун қишлоқ болалари қалбини илм нурлари билан чароғон этишга астойдил бел боғлашган. Айниқса, ўғли Жўрабекнинг шашти бўлакча. Унинг сабоқлари туфайли ўша чекка қишлоқ болаларининг дунёқараши, тафаккури тамоман ўзгарган. Унинг ўқувчилари бугун билимнинг на қадар юксак қудратга эга эканлигини жаҳон майдонида намойиш этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.
Ютуқларга элтувчи машаққат йўли
Ютуқларга шунчаки ёки тасодифан эришиб бўлмайди. Ҳар қандай кичик мувафаққият ортида ҳам узоқ ва машаққатли йўл туради.
2004 йилда Бухоро давлат университетининг математика ва информатика йўналишини тугатган Жўрабек Муродов жонажон қишлоғига қайтиб, фаолиятини ўзи таҳсил олган 18-мактабда бошлади.
-Дарсга кирган илк кунимдаёқ, танлаган йўлим ниҳоятда машаққатли эканлигини, елкамга жуда залворли масъулият юкланганлигини ҳис этдим,-дейди у. – Аммо мен табиатан чигал масалаларга ечим топишни ёқтираман. Узоқ ахтарасан, тафаккур қиласан, тасаввурингни ишга соласан, пешонангдан тер чиққучалик изланасан... ва ниҳоят топасан. Бунинг ўзига яраша завқи, ҳузурбахшлиги бор. Ҳаётдаги ҳар бир қийинчилик худди масала ечишга ўхшайди. Қачонки бу масалани ишлашга астойдил киришсанггина, унга ечим топасан.
Ёш муаллим ўз касбининг қийинчиликлари ва моҳиятини теран англаган ҳолда енг шимариб ишга киришди. Аввало ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишларини оширишга ҳаракат қилди. Чунки инсон ўзи қизиққан нарсаларнигина билишга астойдил интилади. Бунинг учун муаллим тинимсиз изланди. Устозлари ва илғор ўқитувчиларнинг тажрибаларини ўрганди, дарсларида турли интерфаол методлардан фойдаланди. Фан ҳафталиги, фан ойликлари доирасида очиқ дарслар, мусобақалар, викторина ўйинларини мунтазам равишда ўтказиб борди. Бунинг натижасида ўқувчиларнинг математика фанига бўлган қизиқишлари ортиб, ўзлаштириш сифати сезиларли даражада ошди. Эътироф этиш жоизки, айни пайтга келиб бу кўрсаткич 86 фоизни ташкил этмоқда.
2010 йилдан бошлаб муаллимнинг интилишлари аста-секин бўй кўрсата бошлади. Шу йили у “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик- танловининг туман босқичида 1 – ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди. 2011-2012 ўқув йилида эса ўқувчиси Феруза Зиёдуллоева фан олимпиадасининг вилоят босқичида 3 – ўринни эгаллади. 9-синф ўқувчисининг бу натижаси мактабдошларини руҳлантириб юборди. Айниқса, Жўрабек Муродовдан таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ўзига нисбатан ишончини орттирди. Шундан сўнг улар дадиллик билан ўз билимларини намойиш этиб, бирин-кетин ютуқларни қўлга кирита бошладилар. 2013-2014 ўқув йилида Жаҳонгир Норбоев ва Озодбек Ҳодиевлар Билимлар беллашувининг туман босқичи ғолиби бўлишди. 2014-2015 ўқув йилида Озодбек Ҳодиев Хитой давлатида бўлиб ўтадиган халқаро математика олимпиадаси учун ўтказилган саралаш босқичларида фаол иштирок этиб, халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Туман ҳамда вилоят миқёсидаги беллашувларнинг доимий ғолибига айланган Ж. Муродовнинг шогирдлари 2015-2016 ўқув йилидан республика босқичларида ҳам юқори кўрсаткичларни қайд эта бошлашди. 7- синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев ўша йили Билимлар беллашувининг вилоят босқичида 100 баллдан 100 бални қўлга киритган ҳолда ғолибликни қўлга киритди ва республика босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади. Бу натижа унга Тайланд Қироллигининг Чангмей шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро математика мусобақасида иштирок этиб, Республикамиз шарафини муносиб ҳимоя килиш имконини берди. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик ўқувчилар жамоавий таркибда 2-ўринни қўлга киритишди. Шахсий ҳисобда 4-ўринни эгаллаган Жаҳонгир бу муваффаққиятга муносиб улуш қўшди. Эришган натижалари туфайли 2016-2017 ўқув йилида Жаҳонгир Норбоев вилоят ҳокими степендиясига лойиқ топилди. Унинг устози бўлмиш тажрибали муаллим Жўрабек Муродов эса “Халқ таълими аълочиси” ҳамда “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Бундайин рағбат муаллим ва унинг ўқувчиларига ғайрат ва шижоат бахш этиб, уларни янада юқори чўққиларни забт этишга ундади. 2017 йил иқтидорли ўқувчи Жаҳонгир Норбоев Болгария давлатининг Бургас шаҳрида бўлиб ўтган халқаро математика мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медалини қўлга киритди. 2017- 2019 йиллар мобайнида Ж. Муродовнинг бир нечта ўқувчилари вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказилган қатор мусобақаларда фаол иштирок этишди. 2019 йилда эса Жаҳонгир Норбоев Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида иштирок этиб, навбатдаги кумуш медалига сазовор бўлди. Жорий йилда ҳам у Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган анъанавий Жаутиков номидаги халқаро олимпиадада фахрли 2-ўринни олишга муваффақ бўлди. Ўқувчиларининг халқаро майдонлардаги бу каби ютуқлари ортида, албатта, муаллимнинг ҳаловатсиз кунлари, уйқусиз тунлари, тинимсиз меҳнатлари туради.
-Халқаро олимпиадаларда иштирок этишнинг ўз талаблари бор. Бу талаблар биздаги Билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларидан фарқли ўлароқ, ниҳоятда юқори ва мураккаб,-дейди Жўрабек Муродов. -Шунинг учун ҳам тер тўкиб меҳнат қилишга, изланишга, ўрганишга тўғри келади. Бизда, одатда, иқтидорли ўқувчилар 5-синфдан саралаб олинади. Қайта-қайта синовлар ўтказиш йўли билан 3-4 нафар ўқувчи танланади ва улар билан ҳар куни дарсдан сўнг 3 соатлик жиддий машғулотлар олиб борилади. Дастлаб 5-синф дарслиги ўқитилади, ҳар бир машғулотда 7-8 та мавзу ўрганилади, камида 100 та масала ва мисол ишланади. Бу жараён 1 ойга мўлжалланган бўлиб, ўқувчи шу муддат оралиғида бутун бир дарсликни ўзлаштириши лозим. Четдан қараганда, бу ўқувчига ниҳоятда катта юклама бўлиб, уни тамоман зўриқтириб юборадигандек туюлади. Бироқ иқтидорли ўқувчи учун бу ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Бир ойдан сўнг 6-синф дарслигига ўтилади. Ўқув дарсликлари баробарида қўшимча адабиётлар, аксари масалалар тўпламлари билан ҳам ишланади. Ўқувчиларнинг билимларини синаш мақсадида ҳафтада бир марта тест синовлари ва ёзма иш олинади. Тест топшириқлар 25 та саволдан, ёзма иш эса 10 та мисол ва масаладан иборат бўлиб, улар ҳафталик мавзуларни қамраб олади.
Айтиш жоизки, ҳар қандай мусобақага тайёргарлик кўриш жараёнида нафақат ўқувчининг билим даражаси, салоҳияти, балки унинг руҳий ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Аксарият ўқитувчилар нуқул ўқувчининг ўзлаштириш кўрсаткичларини юксалтиришга зўр беришади-ю, психологик кўникмаларини шакллантиришни унутиб қўйишади ёки буни аҳамиятсиз санашади. Бир кун келиб бу ўқувчи беллашувда паст натижани қайд этганида, ҳайрон бўлишади. Нега, нима учун?Ахир у ҳамма мавзуларни сув қилиб ичиб юборган, мисол ва масалаларни кўзини юмган ҳолда еча олади, -деган саволлар қаршисида ўйланиб қолишади. Аслида бу каби ҳолатларнинг юзага келиши таажжубланарли эмас, аксинча табиийдир. Негаки, ўқувчи ҳар қанча кучли билимга эга бўлмасин, унда кўпчилик иштирок этадиган мусобақаларда ўз имкониятларини бемалол намойиш этиш кўникмаси шакллантирилмас экан, кўнгилдагидек натижага эришмоқ мушкул. Шу боис ҳам беллашувлар олдидан синфлараро, мактаблараро мусобақаларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ўқувчи бегона муҳит ва кўпчилик олдида ўзини эркин тутган ҳолда фикрини бир жойда жамлаб, ўзлаштирган билимларидан оқилона фойдаланиш кўникмасига эга бўлиб боради.
Айни пайтда ўқувчиларни Халқаро олимпиадаларга тайёрлаш йўналишида мамлакатимизнинг кўзга кўринган илғор педагогларидан саналган Жўрабек Муродов бу борадаги тажрибаларини янада такомиллаштириш устида изланмоқда.
-Инсон қанча кўп ўқигани ва илм поғоналаридан юқорилагани сари ўрганганлари ва эришганлари шунча озлигини англаб бораркан,-дейди бу ҳақида тўхталиб у. –Аввалида ўқувчиларимнинг туман, вилоят миқёсидаги муваффақиятлари мени ниҳоятда қувонтирган бўлса, кейинчалик бу натижалар жуда кичик бўлиб кўринди. Эндиликда эса халқаро миқёсидаги натижаларимиздан ҳам қониқмаяпман. Бу борада Америка, Хитой каби давлатлардан ҳали анча орқадамиз. Ушбу мамлакатларда ўқувчиларни халқаро олимпиадаларга тайёрлашнинг ўзига хос тизими мавжуд бўлиб, иқтидорли болалар илк мактаб ёшиданоқ бу тизимга қамраб олинади. Олимпиадачи ўқувчилар учун алоҳида мактаблар ташкил этилган бўлиб, улар махсус дарсликлар асосида кучли билим ва маҳоратга эга ўқитувчилар томонидан ўқитилади.
Бизда ҳам иқтидорли ўқувчилар жуда кўп, салоҳиятли педагоглар ҳам етарлича. Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби тажрибасини бугун дунё ўрганса арзигули. Бироқ бизда фаолият тизимли тарзда йўлга қўйилмаган. Оддий мактабларда ўқувчилар олимпиадаларга фақат дарсдан сўнг тайёрланадилар. Махсус адабиётларнинг йўқлиги боис одатий дарсликлар ва ўқитувчининг саъй-ҳаракатлари боис топилган қўшимча манбалар билан чекланилади. Ҳолбуки, халқаро олимпиадаларда иштирок этиш даражасидаги билимларга эга бўлиш учун математиканинг барча соҳаларини мукаммал ўзлаштириш, шунингдек, информатика, мантиқ, физика, механика ва чет тилларини ҳам пухта билиш талаб этилади. Агар ҳар бир туманда Қоракўл мактаби ташкил этилиб, унда иқтидорли болалар махсус дастурлар асосида бошланғич синфдан бошлаб тайёрлаб борилса, ўйлайманки, биз ҳам жуда юқори натижаларга эриша оламиз.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати