Рамазон фазилатлари

Рамазон фазилатлари


САБР СИНОВИ


Кишининг ўзи хоҳлаб нафсини тийиши унинг сабрли эканлигини билдиради. Айни Рамазон ойида кўплаб инсонларнинг сабри ҳам синалади. Яъни нафсни жиловлай олиш ҳам катта сабр талаб қилади. Баъзи ҳолларда нафс устунлик қилиб, кўп нарса талаб қилади. Саҳарлик ва ифторлик учун кўплаб нарсалар тайёрлашади. Бироқ, нафс кўп нарса талаб қилгани билан киши озгина таом билан ҳам тўйиб қолади. Бу нафс кўп нарса хоҳлагани билан аслида ўзига керакли миқдордаги неъмат билан кифояланишининг рўзадаги ифодасидир. 

Ҳа, сабр- бахтли ҳаётга, жаннат йўлига етакловчи фазилатдир. Ҳаётингизда ҳозир ҳаммаси яхши эмасдир,нимадир етишмас ё нимадир мақсадингизга етишмай тургандирсиз. Лекин унутмангки, аҳвол бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди.Шу боис шукр ва сабр қилинг. Албатта, ҳозир қийин бўлиб турган мушкуллар ортидан енгилликлар келади, ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Агар яхшилик билан тугамаса, демак, ҳали охири эмас. Муҳими, умидингизни йўқотманг. Сабрли инсон ҳар қандай қийинчиликка бардошли бўлади, кучли бўлади.

Бизнинг энг катта душманимиз бу- нафсимиздир. Тан олиш керакки, баъзи ҳолларда нафсимиз сабримиздан устун келади. Бундай вазиятда ёмон ўй-ҳаёллар кела бошлайди. Булар эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Эсимиздан чиқармаслигимиз керакки, "Аллоҳ сабр қилувчиларни севади" ва албатта, зулматдан кейин келадиган нур каби, сабрдан сўнг ҳам албатта ҳаётингизга нурафшонлик келади. Ҳаётингиз чиройли ва мазмунли бўлиши учун сабр қилинг. Унутманг, чиройли нарсалар вақт талаб қилади. 

      

Севинч САИДҚУЛОВА, 

Гулистон шаҳридаги 9-мактабнинг 11-синф ўқувчиси.

Report Page