“Ёғочли Сардоба” қадимий ёдгорлиги нафақат маҳаллий, балки чет эллик сайёҳларнинг эътиборини тортиб келмоқда

“Ёғочли Сардоба” қадимий ёдгорлиги нафақат маҳаллий, балки чет эллик сайёҳларнинг эътиборини тортиб келмоқда

@svturizm

“Сардоба” сўзи форсча “сард” яъни “салқин” ва “об” яъни “сув”деган маънони англатади. Мирзачўл массивида 5 та сардоба қурилганлиги тарихдан маълум, улардан фақат биттагинаси, у ҳам бўлса бизнинг сардобамиз сақланиб қолган.Aйтишларича, ушбу объект ХVI асрнинг 2-ярмида Бухоро хони Абдуллахон томонидан Тошкентга юриши чоғида аскарларининг сувсизликдан қийналмаслиги мақсадида бунёд этилган. Тарихшунос олимлар ва оддий халқнинг диққат марказидаги “Ёғочли сардоба” ёдгорлиги тўғрисидаги илк маълумот Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг «Абдулланома» асарида келтирилган. 

Бундан беш ярим аср муқаддам Самарқанддан маҳсус олиб келинган пишиқ ғиштлардан қурилган сардоба иншоати майдони 75 квадрат метрни, девор-панжаралар билан чор-атроф ер майдони 0,56 гектар майдонни ташкил этади. Ички айлана диаметри 27 метрдан иборат, баландлик эса 9 метр. Олд кириш қисмида 5 метр узунликдан ва 3 метр баландликдан иборат айвон қyрилган.

1913 йилда Чор Россияси маъмурлари томонидан тайёрланган, бугунги кунда тарихий манбаа сифатида Гулистон Давлат Университети олимлари томонидан ўрганилаётган Мирзачўл харитасида “Агачли сардоба” деган объект мавжуд. Бу ҳозирги Гумбаз қишлоғи ўрнидаги кичкина овул жойдир. Сардобанинг “Агачли”, яъни “Ёғочли” деб аталишининг сабаби эса обида ўртасидаги чуқур қудуқ деворларининг арча ёғочлари билан зичлаб қопланиб чиқилганидир. Мазкур қудуқ аввал бошдан икки қисмга бўлинган, бирида одамлар истеъмол қилишлари учун чучук сув тўпланган бўлса, иккинчисида от ва туялар, чорва моллар учун мўлжалланган сув тўпланган.

Мазкур ёдгорлик Сардоба туманидаги «Тошкент-Самарқанд-Бухоро» шаҳарларини боғловчи автомагистраль йўл ёқасида жойлашган.

 Агар қуйидаги тарихий ёдгорликка қизиқган бўлсангиз, у жойга истаган пайтингиз ташриф буюришингиз мумкин.


Сирдарё вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати

Report Page