Ёнғин-қутқарув спорти бўйича “Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси биринчилиги” мусобақаси ўтказилди.
@SirdaryoFVB
Содир бўлган турли ҳилдаги фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларда инсонларнинг хаётини ва мол-мулкларини асраш, уларни талофат ўчоқларидан зарарсиз олиб чиқиш қутқарувчиларнинг асосий вазифаларидан биридир. Бу каби масъулиятли вазифаларни бажариш учун эса ҳарбий хизматчилардан жисмонан соғломлик, тез ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиш талаб этилади.



Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ёнғин-қутқарув спорт мусобақасининг вилоят босқичида барча шаҳар-туманлар Фавқулодда вазиятлар бўлимларидаги ҳарбий хизматчилар ва хизматчилардан иборат 11 та жамоа иштирок этди.
Қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақада жамоалар 4 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

100 метрга тўсиқлар оша югуриш шартида ҳар бир жамоа вакили ўзидаги куч ва тиришқоқликни том маънода намойиш эта олди. Ушбу шартнинг якуний натижаларига кўра, Янгиер шаҳар ФВ бўлими жамоаси энг кучли деб топилди.



Ёнғин ўчирувчилар ва қутқарувчилар эстафетаси рақобатга бой ва қизғинлиги билан алоҳида ажралиб турди. Бунда иштирокчилар ўзига хос хавфли вазиятларда ҳам вазифаларини унутишмади. Мазкур шарт натижалари бўйича Гулистон шаҳар ФВ бўлими жамоасига тенг келадигани топилмади.













Мусобақанинг ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш тури бўйича жамоа ҳисобида Гулистон тумани ФВ бўлими жамоаси биринчиликни қўлдан бермади.



Сўнгги жанговар ёйилиш шартида вазифалар аъло даражада уддаланди. Сирдарё тумани ФВ бўлими жамоаси аъзолари ушбу шарт бўйича энг кучли эканлигини яна бир бор исботлади.



Ўтказилган мусобақа шартларида жамоалар ичидан юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар сараланиб, вилоят терма жамоаси шакллантирилди. Эндиликда ушбу терма жамоа Термиз шаҳрида ўтказиладиган мусобақанинг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади. Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.