ЭҲ БУ ЁШЛАР, ЁШЛАР! Ёки НОҚОНУНИЙ ИШ – КЕЛТИРАР ТАШВИШ
@Sirdaryo
Бугунги куннинг ёшлари жуда ҳозиржавоб, замон билан ҳамнафас бўлишга интилишади. Айниқса замонавий ахборот технологиялари, турли алоқа воситалари, энг янги қурилмалар билан ишлашни, улардан фойдаланишни ёқтиришади ва бунга интилишади. Бу яхши, албатта. Лекин ҳамма нарса меъёрида бўлгаин яхшш. Ўринсиз қизиқишлар, янги воситалар - ноёб қурилмалардан ноқонуний фойдаланишлар ўзларига ташвиш келтириши ҳақида ўйлаб кўрмайдилар.
Қуйида айрим қизиқувчан ёшларнинг ножўя ҳаракатларидан мисол келтирамиз.
Шу йилнинг 10 октябрь куни фуқаро О.Шукуровнинг аризасига асосан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ва ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармалари ходимлари ҳамкорликда ўтказган фаол тадбир вақтида ана шу каби нохуш ҳолат аниқланган. Тошкент молия институтининг 1-босқич талабаси, Самарқанд тумани, «Диёр» маҳалласида яшовчи Шаҳбоз Абдуҳафизов Тошкент шаҳрида ўзига тегишли бўлган «SG700-D» учувчисиз учиш қурилмасини (дрон) 1 миллион 500 минг сўмга аризачига сотиш мақсадида, рухсатномасиз учириб фойдаланилаётган вақтида ушланиб, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ушбу қурилма процессуал тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.
Бу каби ноқонуний ҳолатлар яна бир неча фуқаролар томонидан ҳам содир этилган.
Жумладан, шу йилнинг 19 октябрь куни ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора ходимлари томонидан ташкил этилган тезкор тадбир чоғида 1994 йилда туғилган, тасвирга олиш оператори, Тошкент шаҳар, Олмазор туман Қорақамиш 1/4 даҳаси, 13-уй, 26-хонадонда яшовчи Салоҳиддин Ҳошимов Сирдарё шаҳридаги «Пенг-шенг» қўшма корхонасига қарашли истироҳат боғида ўзига тегишли «Phantom 4 PRO Opsidian» номли дронни тегишли рухсатсиз тўй маросимини тасвирга олиш мақсадида учираётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган. Маълум бўлишича, С.Ҳошимов ушбу қурилмани 100 АҚШ доллари эвазига тўй маросимини суратга олиш учун олиб келган. Афсуски, мўмай пул топиш ниятида ўйламай қилинган бу иш С.Ҳошимовга қимматга тушди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 16 август куни мазкур идора ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган яна бир фаол тадбир пайтида, 1991 йилда туғлиган, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Пахта кўчаси, 70-уйда яшовчи Музаффар Журабаев ҳам ўзига тегишли бўлган «Phantom 4 pro plus opsidian edition» номли дронни харидор билан 1000 АҚШ долларига сотишга келишиб, рухсатномасиз учириб фойдаланилаётган вақтида қўлга олинган ҳамда ушбу қурилма тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Юқорида номлари қайд этилган шахслага нисбатан ҳам тегишли жазо чоралари қўлланилди: Гулистон шаҳар маъмурий судида объектлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1162-моддаси билан айбдор деб топилиб, учувчисиз учиш қурилмаси давлат ҳисобига мусодара қилиниб, юқорида номлари тилга олинган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари қийматида жарима жазосига тортилдилар.
Шуниси эътиборлики, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, жиноят, жиноят процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига мувофиқ ЖКнинг 2444-моддасида учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланганлик учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, ушбу қонунга асосан ЖКнинг 2481-моддасида учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш, улардан фойдаланиш ёки уларни бошқа шахсларга бериш тартибини бузиш, шунингдек, улардан бошқа мақсадларда фойдаланганлик учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Ҳа, ҳар бир киши бирор ишга, ножўя ҳаракатга қўл ураётган пайтда унинг оқибати ҳақида ўйлаши керак. Чунки қинғир ишнинг қийиғи, албатта, чиқади. Юқорида номлари тилга олинган кишилар ўзларига нисбатан кўрилган қонуний чорадан ўзларига тегишли хулоса чиқариб оладилар деган, умиддамиз.
Қонун барчага баробар. Ноқонуний ҳаракатларни содир этганларнинг тақдири, уларга белгиланган жазолар бошқаларга ибрат бўлиши, бу каби нохуш ҳолатлар ҳар биримизни огоҳликка чорлаши керак. Огоҳлик давр талаби. Ёнимизда содир этилаётган ҳар бир ноқонуний ҳаракат, воқеа ва ҳодисаларнинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўриш, тегишли тўғри хулоса чиқариш ҳамда бу хатоларни такрорламаслик ҳар бир кишининг виждонига ҳавола.