Расмий муносабат
@SirdaryoUZBАниқланишича, эълон қилинган постда сув тошқинига қадар Мирзаобод тумани "Ҳақиқат" МФЙ Соҳибқурон кўчаси 37 уйда истиқомат қилган Исмоил Исроилов ҳақида сўз бормоқда.
"Сардоба" сув омборида юзага келган техноген ҳодисадан сўнг Сирдарё вилоят ҚСҲН инспекцияси, вилоят ҳамда туман Ишчи гуруҳи томонидан бошқа аҳоли турар жойлари қатори И.Исроиловга тегишли бўлган (кадастр ҳужжати расмийлаштирилмаган) 3 хонали уй-жой бир неча маротаба ўрганилган.
Ишчи гуруҳининг хулосасига кўр тошқин вақтида мазкур уйга зарар етмаган, ҳудудга сув етиб ҳам келмаган. Аксинча уйнинг умумий ҳолати тошқинга қадар бирмунча абгор ҳолатда бўлган.
Сув тошқинидан сўнг орадан маълум муддат ўтгач уй И.Исроиловнинг ўзи томонидан бузиб юборилган.
Шундай бўлишига қарамай, И.Исроиловнинг оилавий шароити ҳисобга олиниб, унга 40 миллион сўм пул маблағи берилган.
Шундан сўнг И.Исроилов янги қурилган кўп қаватли уйлардан хонадон ажратилишини сўраб туман, вилоят ва республика даражасидаги турли ваколатли идораларга бир неча маротаба мурожаат йўллаган. И.Исроилов мурожаатлари тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, Халқ депутатлари Мирзаобод тумани Кенгаши сессиясига киритилган.
Кенгаш қарорига кўра И.Исроиловга “Ҳақиқат” маҳалласидаги 2 қаватли эски боғча биноси ўрнида тўлиқ таъмирдан чиқарилган 26 та уйлардан бири жиҳозлари билан бирга бериладиган бўлди.