У
@SirdaryoУ билан кунига камида икки марта учрашар эдим...
Келишган қадди қоматини гоҳ сарвқомат соҳибжамолга қиёсласам, гоҳида хиром айлаётган раққосанинг карашмасига ўхшатардим. Доимо андак энгашиб қарши олишини эса “Ассалому алайкум”даги тавозега менгзардим.
Яна Унда висолга интиқ малакнинг интизор нигоҳини ҳам кўрар эдим. Ҳатто мана шу ҳоли паришонлиги ҳам жуда ярашарди ўзига, чиройининг такрорланмас зебу забари эди.
У ҳар қандай ҳолатда - қуёш чарақлаб турганда ҳам, ҳаво тундлигида ҳам бирдек гўзал, нафосатли дилбар эди.
У ён-атрофидагиларига сира-сира ўхшамасди. Чеҳрасида ҳар қандай кўз қарашини ром қилгувчи мафтункорона мастоналик устивор эди.
Неча асрки, жаҳон санъатсеварларини лол қолдириб келаётан улуғ мусаввир Камолиддин Беҳзод бобомизнинг хаёлий миниатюраларининг табиий чизгилари мужассам эди, нозикниҳол жуссасида!
... У билан кунига камида икки марта дийдорлашар эдим. Ёзда ҳам, кузда ҳам, қишда-ю баҳорда ҳам.
Ҳар фаслда-да ажиб ҳусн соҳибаси эди, У!
Кузакда олтинранг ҳарир либосидан дурлар сочилиб турса, кўклам бошига яшил дурра тортар, ёз остонасида эса шода-шода сочпопуклар тақар эди.
Ҳа, ҳар мавсумни тантанавор қарши олгувчи эди, У!
Ҳар учрашганда хаёлан сўрар эдим: “Сен нега хомушсан, эй гўзал?”.
Ва эшитгандек бўлар эдим: “Бугун кўришдик, эртага яна дийдорлашамизми, йўқми...”
Ўша “эртага”лардан бирида, бу жавоби замирида нақадар катта хавотири болигини англадим...
У жойида йўқ эди!
Қурилаётган кўча ва унга ёндош йўлакнинг четида безарар ва беозор турса-да, Уни ортиқча деб ҳисоблашганди. Афсус, минг афсуски,бундай хулосага келганлар орасида Унинг такрорламас гўзаллигини ҳис қиладиган ҳалоскори йўқ эди. Уни севувчи ва ҳар гал унинг жамолидан аллақандай ҳис-туйғуларни қалбимга жо қилиб, гоҳ жануб, гоҳ шимол тарафга ўтгувчи МЕН эса кечиккандим...
Айни ўша “МЕН” ва “СЕН”ларнинг бефарқлигимиз ва лоқайдлигимиз туфайли бир гўзаллик тимсоли - “У” йўқ бўлган эди.
Ҳа ул хурлиқо, ул ҳусни бетакрорни гарчи тил қоидаларига зид бўлса-да У деб талқин қилдик. Сезгандирсиз, аслида У бир дарахт эди. Дарахтки, сиз, биз, улар –ҳаммамиздек, тамойили ободлик, кўркамлик, яратувчилик бўлган ҳаётни севгувчи жонли вужуд- наботот оламининг оддий бир вакили эди.
... Орадан йигирма йил ўтаётган бўлса-да Уни ҳеч ҳам унутолмайман. Бир вақтлар зеб бериб турган манзилидан ўтар эканман, миннатдорона хотираларим билан Уни эсга олиб қўяман... Ва беиҳтиёр мени мафтун қилган малоҳатини бошқа дарахтлардан излайман.
Аммо афсуски, тополмайман...
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.