Ўзбекистон Республикаси "Давлат тили ҳақида"ги ва "Реклама тўғрисида"ги қонунларининг ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё туманида тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди.
@SirdaryoЎзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 20-моддасида, “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” деб белгиланиб қўйилган.
Шундай бўлсада бугун кўчалардаги, хиёбонлардаги айниқса маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари ва савдо дўконларига илиб қўйилган пешлавҳалар, эълонлар ва кўргазмали ахборот матнларининг 70-80 фоизи рус тилида ёзилган. Шунингдек, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларини турли хил ажнабий номлар билан номланиши маънавиятимиз ва минталитетимизга тўғри келмайди.
Ўрнатилаётган рекламалар Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Шу боис, Сирдарё тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойбек Хакимов туман марказидаги маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари ва савдо дўконларига илиб қўйилган пешлавҳалар ҳолатини ўрганди.
Бунда тадбиркорларга ташқи реклама матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги, турли хил ажнабий номлар маънавиятимизга ва минталитетимизга тўғри келмаслиги тўғрисида тушунчалар берилди.
Сирдарё тумани ҳокимлиги матбуот хизмати