Сирдарёлик маданият ходимаси ихтиёрий равишда коронавирусга «чалинди»

Сирдарёлик маданият ходимаси ихтиёрий равишда коронавирусга «чалинди»

@hokimiyatpress
Фото: «Халқ сўзи»

Сирдарёлик ёш кинорежиссёр Ойбек Қаршибоев «Лоқайдлик» номли қисқа метражли фильм яратди.Фильм шу куннинг глобал мавзуси –коронавирус пандемияси тартиб-қоидаларига риоя қилмасликнинг аянчли оқибатларига бағишланган.

Картина бош қаҳрамони — балоғатга етган ёш қиз. У атрофида ва бутун жаҳонда кезиб юрган, инсониятни чуқур ташвишга солган тождор вирусдан асралиш ўрнига, карантин юмшатилишини нотўғри тушуниб, белгиланган қоидаларни менсимаганлиги, лоқайдлиги туфайли умрининг айни баҳор палласида ҳаётдан кўз юмади. Ва фильмда эрта ўлим топган қиз мисолида коронавирус балоси ёшу кекса- барчага бирдек хатарли ёв эканлиги акс этади.

Бош қаҳрамон ролини ижро этган Иззатой Ўролова Гулистон туманидаги болалар рақс ансамбли раҳбари. У бунгача «Сирдарё наволари» ансамбли таркибида бир неча мамлакатларда бўлиб ўтган фестивалларда ўзбек миллий рақс санъатини намойиш ва тарғиб этишда иштирок этган.

— Бир эпизодда менга нафас олиш аппаратини улашганда, гарчи бу бор-йўғи бу кинодаги роль бўлса-да, ўзимда қўрқув ҳис этдим,-дейди Иззатой Ўролова.- Ўйлайманки, фильмни кўрган томошабинларда ҳам ана шундай туйғу пайдо бўлади ва бу барчани каратин қоидаларига қатий риоя қилишга даъват этади, лоқайдликка йўл қўймасликка чақиради.

Фильм режиссёри Ойбек Қаршибоев Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг кино йўналишида таҳсил олган.Бир неча фильмларда иккинчи режиссёр сифатида тажриба орттирган. Айни пайтда Сирдарё вилояти телерадиокомпаниясининг «Сирдарё» телеканалида фаолият олиб бормоқда.

«Лоқайдлик» фильми тез кунларда «Сирдарё» телеканали ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилади.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

 («Халқ сўзи»).

Report Page