Ректор мурожаати: Ҳушёрликка даъват
@Sirdaryo
Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!
Бугунги оғир, синовли кунларда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари номидан Сиз азизларга юзланишни бурчим деб билдим!
Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бугун бутун дунё мамлакатларининг бош шиорига айланган. Фуқаролар саломатлигини асрашдек муҳим жараён ҳар қайси давлатда деярли бир хил кечмоқда. Минг афсуски, COVID-19 инфекциясининг юртимизга кириб келиши натижасида мамлакатимизда ҳам карантин ҳолати эълон қилинди. Ушбу инфекция билан касалланган беморлар ичида соғайганлар ҳақидаги хабарлар барчамизни қувонтирмоқда. Аммо, касалликнинг аҳоли орасида аниқланиши, ўлим сонининг нисбатан ортиши барчани хавотирга солмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг саъйи ҳаракатлари ва жонбозликлари билан коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизни ҳудудимизда кассаллик аниқламади-ку, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади. Коронавирус менга юқмайди, деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиги ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак.
Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз!” деб бежизга таъкидламадилар.
Доно халқимиз азал-азалдан ҳамжиҳатликни, аҳилликни қадрлаб келганлиги ҳам бежиз эмас. Шу ҳамжиҳатлик ва оқилона иш кўрган ўзбек халқи неча-неча хавф-хатардан, бало-қазодан омон қолгани ҳам тарихдан маълум. Доимо шахсий-гигиена қоидаларига амал қилишни унутманг. Бу борада Оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинаётган тиббиёт мутахассисларининг тавсия ва кўрсатмаларига қатъий амал қилинг. Тозалик–саломатлик гарови эканлиги халқимизга азалдан маълум. Аслида, юз-қўлни доимо ювиб, пок юриш, оилада ва уйда саранжом ва саришталикка риоя қилиш миллий қадриятларимизнинг бир қисмидир.
Азиз ҳамюртлар!
Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Ҳаёт деган улкан бахтни эҳтиётлаш, сақлаш, узайтириш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, биз ҳамжиҳат бўлиб, бирлашиб бир-биримизни эҳтиёт қилайлик. Сизлардан ва барчамиздан талаб қилинаётган нарса шуки-тавсияларга, кўрсатмаларга ва карантин қоидаларига амал қилиб уйда қолишдир! Ўзингизнинг ва яқинларингизнинг умрига зомин бўлманг! Кўчага чиқманг!
Гулистон давлат университети ректори сифатида, бу ҳаёт катта тажрибасига эга ота сифатида талаба-ёшларга шуни алоҳида ўринда таъкидлаб ўтишни жоиз деб билдим. Азиз талабалар, фарзандларим! Вақтингизни ўзингиз ва яқинларингиз учун фойдали ҳамда самарали бўлган юмушларга сарфлаётганингиз, тушкунликка тушмасдан, ҳар хил ёлғончи ҳаёлларга берилмасдан, келажакка умид билан боқаётганингиз биз устозларни, қолаверса, шахсан мени жуда ҳурсанд қилади. Сизлар олий таълим муассасасининг саралаб олинган талабаларисизлар. Оилангизда, маҳаллангизда, ҳудудингизда ўрнак бўлиб, карантин қоидаларининг тарғиботчиси сифатида ўзларингизни кўрсатишларингизга, намуна бўлишларингизга ишонаман!
Азиз юртдошлар!
ЎЗИНИ АСРАГАННИ АЛЛОҲ АСРАЙДИ деган гап бор халқимизда. Бугунги кунда мамлакатимизда коронавируснинг тарқалиши ниҳоятда кучайди. Муҳтарам Президентимиз 8 июл куни ўтказган видеоселекторида халқимизга мурожаат қилиб, 10 июлдан 1 августгача кучайтирилган карантинга ўтилиши шартлигини таъкидладилар. Ҳар бир ақл-заковатли инсон ўзини, яқинларини эҳтиёт қилиши шарт ва фарз. Чунки кўринмас бу вабо жинс, миллат, ёш танламаслиги билан ўта хавфлидир. Кимга, қачон, қандай қилиб бу касаллик юқишини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ўзини-ўзи эҳтиётлаши шарт!
Соғлом яшашни қадрига етишни ҳар бир виждонли, иймонли, диёнатли, ўзини том маънодаги инсонман деган кишилар билиши ва қадрлаши керак.
Ўз ҳаётингизни ўзингиз хоҳламаган ҳолда хавф-хатарга қўйманг! Ўзингиз истамаган ҳолда фарзандларингизни, ота-онангизни, қариндошларингизни, қўни-қўшниларингизни, дўст-биродарларингизни касал юқтириб уларнинг ўлимига сабабчи бўлманг! Лоқайдлик, эътиборсизлик, масъулиятсизлик бу ўлимга томон ташланган қадам ҳисобланади. Уйда қолинг!
Ниқоб тақинг, мутахассислар топшириғини бажаринг, мақсадсиз кўчага чиқманг, жамоат жойларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилинг!
Азиз ҳамюртлар!
Барчангизга сабр-тоқатлик билан ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни тилайман!
Биз биргаликда коронавирусни албатта енгамиз!
Ходжиев Мухсин Таджиевич,
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари,
Гулистон давлат университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор