Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемиясига оид қабул қилинган ҳужжатлари тўғрисида Марказий банк Сирдарё вилояти Бош бошқармаси бошлиғи В.Тўраевнинг ахбороти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемиясига оид қабул қилинган ҳужжатлари тўғрисида Марказий банк Сирдарё вилояти Бош бошқармаси бошлиғи В.Тўраевнинг ахбороти

@Sirdaryo
МБ вилоят Бош бошқарма бошлиғи В.Тўраев

Ассалому алайкум, ҳурматли вилоятимиз аҳолиси, ҳурматли фуқаролар ва тадбиркорлар!

Сиз азизлар билан ўтган ойда ўтказилган брифинг орқали мулоқотимизга ҳам роппа-роса бир ойдан зиёд вақт ўтди.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ўзларингизга маълум, бугунги кунда коронавирус пандемияси янада авж олмоқда.

Бундай шароитда, тижорат банкларидан санитария-карантин қоидаларига қатъий равишда риоя этган ҳолда ишни ташкил этиш, мижозларга ҳавфсиз хизмат кўрсатиш талаб этилиб, улар томонидан аҳолига янада қулай бўлган онлайн банк хизмат турлари кенг жорий этилмоқда.

Хусусан, аҳоли ва тадбиркорларга онлайн тарзда микроқарзлар ва бошқа кредит турларини ажратиш, бўш пул маблағларини омонатларга жалб этиш, валюта айирбошлаш амалиётларини эркин амалга ошириш борасида бир қанча енгиллик ва қулайликлар жорий этилиши шулар жумласидандир.

Мисол учун, бугунги кунда фуқароларга халқаро пул ўтказмалари орқали хориждан юборилган пул маблағларини банкка ташриф буюрмасдан масофадан туриб, банк картасига кирим қилиш имконияти яратилди.

Шунингдек, карантин талабларига амал қилган ҳолда 35 та банк хизматлари марказлари, 35 та 24/7 режимида ишловчи шохобчалар ҳамда 34 та валюта айрибошлаш шохобчаларининг узлуксиз ишлашларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятимиз банк филиалларига қарашли кечаю-кундуз “24/7” режимида ишловчи 18 та автоматлаштирилган валюта банкоматлари ташкил қилинган бўлиб, улар жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини миллий валютага айирбошлаш борасида узлуксиз фаолият юритиб келмоқда.

Хусусан, жорий йил июн ойи давомида валюта айрибошлаш шохобчалари орқали фуқаролардан 4 млн. 159 минг АҚШ доллари харид қилинган бўлса, ўз навбатида 9 минг 83 нафар фуқароларга 7 млн. 684 минг нақд АҚШ доллари сотилиши таъминланди.

Шунингдек, ҳалқаро пул ўтказмалари орқали фуқароларнинг 835 минг АҚШ долларини чет элларга ўтказиб берилган бўлса, чет элдан келган 9 млн. 417 минг АҚШ доллари фуқароларга етказилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда банк филиаллари биноларида санитария-гигиена осойишталик қоидаларига қатъий риоя этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, вилоятимизда фаолият юритаётган 31 та банк филиаллари, 35 та банк хизматлари марказлари ҳамда 35 та 24/7 режимда ишлайдиган шохобчаларда ҳафтасига камида икки марта дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Барча ходимлар ҳимоя ниқоблари, антисептик ҳимоя воситалари билан, шунингдек, касса ҳодимлари махсус комбинезон, ҳимоя кўзойнаги ва бир марталик қўлқоплар билан таъминланган.

Тижорат банкларида ишчи-ходимлар ҳамда мижозларнинг банк биносига киришида махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, тана ҳарорати пирометр билан ўлчаш чоралари кўрилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, коронавирус пандемияси даврида вирусни нақд пуллар орқали инсондан инсонга юқишининг олдини олиш мақсадида тижорат банклари томонидан банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар Марказий банкка олиб келиниб, пул омборхоналаридан камида бир ҳафта муддат сақланган боғламларга алмаштириб берилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, коронавирус пандемияси шароитида ҳам тегишли тижорат банк филиалларимиз томонидан пенсия пуллари белгиланган муддатларда етказиб берилиши таъминланмоқда.

Бунинг учун, Халқ банки филиаллари томонидан карантин қоидаларига риоя этган ҳолда 72 мингдан ортиқ пенсионерларнинг пенсия пулларини уйларига ўз вақтида етказиб бериш учун мавжуд 35 та сайёр кассалар фаолияти қатъий назоратга олинган.

Пандемия бошланган кундан бошлаб Халқ банки филиаллари томонидан туман ва шаҳарларда пенсия пуллари пенсионерларнинг уйларига бориб, дезинфекцияланган елим халталарга солинган, стерилланган ҳолда нақд пуллар берилиши таъминланмоқда.

Бутун ер юзида бўлгани каби юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда фуқароларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали кенг қамровли чоралар кўрилмоқда.

Бу эса мамлакат иқтисодиётида ишлаб чиқариш ва истеъмол хажмларининг қисқаришига, ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларини ҳамда бозор конъюктурасини маълум даражада қисқаришига олиб келди.

Бундай шароитда, короновирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Ушбу фармон ва қарорларда банк тизими томонидан бажарилиши лозим бўлган бир қанча вазифа ва топшириқлар тўғрисида ўтган галги брифингимизда батафсил тўхталиб ўтган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ҳамда мунтазам равишда ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларда берилаётган вазифа ва топшириқлардан келиб чиққан ҳолда Марказий банк вилоят Бош бошқармаси ва тижорат банклари томонидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниб, қуйидагилар амалга ошириб келинмоқда.

Дастлаб, тадбиркорлик субъектларига ва аҳолига ажратилган кредит муддатларини узайтириш чоралари кўрилди.

Хусусан, бугунги кунгача 69 145 та кредит хужжатларининг мавжуд 4,2 трлн. сўмлик кредитларини 942 млрд. сўмини жорий йилнинг 1 октябрига қадар 6 ой муддатга узайтирилди.

- шундан, 3278 та тадбиркорлик субъектларининг 3 трлн. сўмлик кредитларини 677 млрд. сўмини;

65 867 нафар жисмоний шахсларнинг 1,3 трлн. сўмлик кредитларини 265 млрд. сўмини тўлов муддатлари узайтирилиб берилди.

Соҳалар кесимида кўрадиган бўлсак, тадбиркорларнинг муддати узайтирилган кредитларининг 289 млрд. сўми ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида, 118 лрд. сўми қурилиш соҳасида, 130 млрд. сўми қишлоқ хўжалиги соҳасида, 34 млрд. сўми иссиқхона, чорва, парранда, балиқ, қуёнчилик ва асаларичилик йўналишларида, 18 млрд. сўми транспорт ва техника хизмати кўрсатиш соҳасида, 41 млрд. сўми савдо, умумий овқатланиш, тўйхона йўналишларида ҳамда 47 млрд. сўми хизмат кўрсатиш соҳалари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, охирги бир ой давомида 1269 та кредит ҳужжатлари, шундан, 334 та тадбиркорларнинг 18,8 млрд. сўмлик ҳамда 935 та жисмоний шахсларнинг 4,6 млрд. сўмлик кредитларининг қайтариш муддатлари узайтирилиб берилди.

Шунингдек, жисмоний шахсларга аҳоли бандлиги ва тадбиркорлиги учун ажратилган кредитларнинг 65 млрд. сўми, ипотека кредитларининг 42 млрд. сўми ҳамда 158 млрд. сўмлик микроқарз, истеъмол, таълим ва втокредитлар тўлов муддатлари узайтириб берилди.

Молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига кредит бўйича тўловларни 6 ой муддат давомида тўламасдан туриш имкониятини берилаётганлиги натижасида, бўшайдиган пул маблағларини корхоналарнинг бир маромда фаолият юритиб туришига ёрдам бермоқда.

Пандемия даврида тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, истиқболли инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, янги ишчи ўринларини ташкил этиш борасида ишлар давом эттириб борилди.

Хусусан, вилоят тижорат банклари томонидан ушбу даврда барча соҳаларга 1 трлн. 821 млрд. сўм, шундан кичик бизнес ва аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн. 487 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Шундан, охирги бир ой давомида барча соҳаларга 281 млрд. сўм, шундан кичик бизнес ва аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 227 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Пандемия даврида кредит ажратишда асосий эътибор қуйидаги соҳаларга қаратилди:

Биринчидан, иш фаолияти вақтинча тўхтаб қолган, пул тушуми камайиб кетган, ишлаб чиқариш ва савдо ҳажми қисқарган, молиявий қийинчиликларга дуч келган 1471 та корхона ва ташкилотларга айланма маблағларни тўлдириш учун 330 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди (19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сонли фармон).

Шундан, охирги бир ой давомида айланма маблағларни тўлдириш учун 63 та корхона ва ташкилотларга 35,5 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Иккинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчиликни, ёш тадбиркорларни ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ва инвестицион дастурларни бажарилиши бўйича жами 2 964 та тадбиркорлик субъектларига 112 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Жумладан, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича 84 млрд. сўм, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш” дастури бўйича 13 млрд. сўм, “Бандликка кўмаклашиш” дастури бўйича қарийиб 6 млрд. сўм, “Ёшлар – келажагимиз” дастури бўйича 5 млрд. сўм, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги Жамғармалар ҳисобидан 3 млрд. сўм, “Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш” дастури асосида 600 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Республика Марказий банки томонидан 2020 йил 8 июнда ишлаб чиқилган 02/1-944-сонли қўшма хатига асосан “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида ажратиладиган кредитлар механизми соддалаштирилди.

Хусусан, ушбу соддалаштирилган механизмга асосан:

 маҳсулотлар етказиб берувчи таъминотчилар рўйхатини тасдиқлаш амалиёти бекор қилинди ва фақат наслли чорва моллари етказиб берувчилар рўйхати уларнинг етарли имкониятлари мавжудлигини инобатга олган холда тасдиқланиши белгиланди;

кредит маблағи қарз олувчи томонидан эркин тарзда тузилган шартномаларга асосан таъминотчининг хисоб рақамига ўтказиб берилиши белгиланди;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаригача миқдорда кредит ажратишга вилоят марказлари томонидан хулоса берилиши талаб этилмаган ҳолда, туман ва шаҳарлар марказларининг хулосасига биноан ажратилиши белгиланди.

Бунинг натижасида, охирги бир ой давомида 1316 та тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига 48 млрд. сўм, хусусан, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича 40 млрд. сўм, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш” дастури бўйича 4 млрд. сўм, “Ёшлар – келажагимиз” дастури бўйича 2,5 млрд. сўм, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги Жамғармалар ҳисобидан 1 млрд. сўм, “Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш” дастури асосида 300 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 20 майдаги “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4720-сонли қарорга асосан ҳамда жорий йил 14 июль куни ўтказган йиғилишларида берилган топшириқларига асосан банк филиалларига қўшимча 27 млрд. сўм ресурс маблағлари етказилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, эндиликда ижтимоий дастурларга ажратиладиган ресурс маблағларининг 70 фоизи кафолатланган янги иш ўрни яратишни кўзда тутувчи кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига, 30 фоизи устивор равишда уй шароитида ўз-ўзини банд қилишга йўналтириш белгиланди.

Маълумки, 2020 йил 8 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини-ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4742-сонли қарори қабул қилиниб, унга кўра хизмат кўрсатиш соҳасидаги кенгайтирилган 67 та йўналиш бўйича ўз-ўзини банд қиладиган жисмоний шахслар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Унга кўра хизмат кўрсатиш соҳасидаги қўшимча янги 67 та йўналиш бўйича ўзини-ўзи банд қиладиган шахслар учун “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида кредит маблағлари ажратилиши белгиланган.

Шунингдек, 2020 йил 16 июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4752-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорга мувофиқ лойиҳа ташаббускорларига 3 йил муддатга, 6 ой имтиёзли давр билан, 15 фоизлик имтиёзли ставкада, 1 млрд. сўмгача миқдорда кредит ажратилиши белгиланган.

Хусусан, бугунги кунда тижорат банклари томонидан хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 48,5 млрд. сўм, шундан банк кредити 30 млрд. сўм бўлган 61 та янги инвестиция лойиҳалари шакллантирилди ва вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланди.

Ҳозирги кунда тижорат банклари томонидан ушбу инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш чоралари кўрилмоқда.

Учинчидан, тижорат банклари томонидан 2020-2022 йилларда Сирдарё вилоятини ривожлантириш Ҳудудий дастурини ижроси бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилоятини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Ҳудудий дастурида 8 трлн. сўмлик 328 та, шундан тижорат банклари кредитлари ҳисобига қарийиб 4 трлн. сўмлик 254 та лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.

Лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида 11 837 та янги ишчи ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Хақиқатда тижорат банклари томонидан 180 та инвестиция лойиҳаларига 1 трлн. 624 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Бунинг натижасида “пандемия ва глобал иқтисодий инқироз даври”да 57 та лойиҳалар ишга туширилиб, 1025 та доимий ишчи ўринлари яратилди.

Жумладан, саноат соҳасида 19 та лойиҳада 679 та иш ўрни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 26 та 148 та иш ўрни, хизмат кўрсатиш соҳасида 20 та лойиҳада 198 та иш ўрни яратилди.

Хусусан, охирги бир ой давомида 7 та лойиҳага 59 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиб, 21 та лойиҳалар ишга туширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматлари тадбиркорларимизга жуда ҳам катта ёрдам бермоқда.

Хусусан, “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” томонидан 2020 йилнинг январь-май ойларида 319 та тадбиркорга 336 млрд. сўмлик кредитлар бўйича 77 млрд. сўмлик кафиллик ва компенсация шаклидаги молиявий ёрдамлар кўрсатилди.

Жамғарма томонидан тақдим этилган ушбу молиявий кўмаклар натижасида ажратилган кредитлар ҳисобига 2225 та янги ишчи ўринлари ташкил этилди.

Шундан, сўнги бир ой давомида Жамғарма томонидан 38 та 58 млрд. сўм миқдоридаги кредитлар бўйича 7 млрд. сўмлик кафиллик ҳамда компенсация хизмати ёрдами кўрсатилди.

Тўртинчидан, вилоятда экспорт фаолияти билан шуғулланаётган корхоналар ҳар томонлама молиявий қўллаб-қувватланмоқда.

Хусусан, бугунги кунда экспортёр корхоналарнинг жами кредит қолдиғи 1 трлн. 422 млрд. сўмни ташкил этган бўлиб, шундан пандемияни ўтган даври мобайнида вилоят тижорат банклари томонидан 24 та экспортёр корхонага 439 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Бундан ташқари, 26 та экспортёр корхонага 12 млрд. сўм нақд пуллар берилди.

Шундан, охирги бир ой давомида экспортёр корхоналарга 68 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди ҳамда 3 млрд. сўм миқдорида нақд пул маблағлари берилди.

Бугунги кунда Марказий банк ҳамда тижорат банклари раҳбарияти экспортёр корхоналар раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг кредит ва нақд пулга бўлган талабини ўз вақтида таъминлаб бериш чораларини кўриб бормоқда.

Бешинчидан, Инвестицион дастурлардаги лойиҳаларни хорижий банкларнинг кредит линиялари ҳисобидан молиялаштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2020 йил январь-июнь ойлари давомида 248 та лойиҳага 103 млн. доллар (яъни, 735 млрд. сўмлик) миқдоридаги хорижий кредит линиялари маблағлари ўзлаштирилди.

Бугунги кунда вилоят банклари 23 та хорижий молиявий институтлари билан ҳамкорликни амалга оширишмоқда.

Шундан, сўнги бир ой давомида 33 та инвестицион лойиҳага 30 млн. доллар миқдорида хорижий кредит линиялари жалб этилди.

Сўзим охирида шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, бугунги кунда оғир бўлган пандемия шароитида вилоятимиз аҳолиси ҳамда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида банк тизими томонидан барча зарурий чоралар кўриб борилади ва тўлиқ ишга солинади.

Эътиборларингиз учун рахмат!

Report Page