Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига "сунъий буйрак" аппаратлари келтирилди
@SirdaryoБугунги кунда буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморларни даволаш, соғлом ҳаётга қайтариш масаласи ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Асосан буйрак етишмовчилиги касаллигида буйрак фаолиятининг пасайиши синдроми кўзатилади.
-Бу касаллик тўсатдан (ўткир) ёки секин-аста (сурункали) рўй беради,-дейди Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, жарроҳ Зоҳид Эркабоев. -Кўп қон йўқотиш, механик шикастланиш туфайли қон босимининг пасайиб кетиши, беморнинг қон гуруҳига мос келмайдиган қон қуйиш, ток уриши, Септик аборт, дорилар ва бошқа металл тузларидан заҳарланиш оқибатида буйрак паренхимасининг шикастланиши, сийдик йўлининг ўсма ёки буйрак тошлари билан бекилиб қолиши, шикастланиш туфайли иккала буйрак зарарланиши ўткир буйрак етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин.
Бош шифокор Зоҳид Эркабоев айтганидек, ўткир буйрак етишмовчилигида буйрак фаолияти, хусусан, азот, сув-туз ва бошқа моддалар алмашинуви издан чиқади, бунда сийдик кам ажралади, оғир ҳолларда бутунлай ажралмай қолади (анурия, уремия). Қонда сийдикчил (мочевина) миқдори кўпаяди, организмнинг сийдикдан заҳарланиши кузатилади.
Тери ости, қорин ва кўкрак қафасида суюқлик тўпланади («сувдан семириш»). Сурункали буйрак етишмовчилиги, асосан, буйрак ва сийдик йўлининг узоқ давом этадиган касалликлари (гломерулонефрит, пиелонефрит, сил, буйрак тош касаллиги ва бошқа(лар)) оқибати бўлиб, буйрак тўқимасининг бужмайиши (нефросклроз) ёки халтасимон кенгайиши (гидронефроз) билан давом этади.
Ташналик, оғиз қуриши, тери қуруқшаб қичишиши, қусиш, камқонлик; нафас аъзолари, юрак-томирлар ва меъда-ичак фаолиятининг бузилиши аломатлари кузатилади. Сийдикнинг нисбий зичлиги камайиб, миқдори эса ортади.
Натижада беморга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилиб шифохонада ётишига тўғри келади.
Уни бирдан бир даволаш усули "сунъий буйрак" аппаратига улаб қони тозаланади, кислота-ишқор, сув-туз алмашинуви амалга оширилиб бир маромга келтирилади.
Сурункали шаклида эса парҳез ва дори-дармонлар қўлланилади, гемодиализ ўтказилади. Кечиктирилган ҳолларда буйрак кўчириб ўтказилади.
Шу мақсадда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига Германияда ишлаб чиқарилган, энг сўнгги русумдаги 4 та Model "Dialog ~B. BRAUN" "сунъий буйрак " аппарати 6 миллиард 432 миллион, 816 минг сўмга келтирилди.
Ушбу келтирилган "сунъий буйрак" аппарати Сирдарё вилоятида яшаётган, ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморларни даволашда ва уларни соғлом ҳаётга қайтаришда қўл келади.
Энди вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига келтирилган ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморларни даволашда қўлланилаётган "сунъий буйрак " аппаратлар сони ушбу келтирилган аппаратлар билан ҳисоблаганда 10 тага етди.
Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати