Ёмғир етказган зарар бартараф этилди

Ёмғир етказган зарар бартараф этилди

@Sirdaryo
Сув хўжалиги вазири ва Фавқулодда вазиятлар вазири

Сирдарё вилояти Бахт шаҳрида кучли ёғингарчилик натижасида сув сатҳининг кўтарилиши сабабли юзага келган тошқин бартараф этилди.

2022 йил 15 март куни тинимсиз ёғингарчилик натижасида Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи ВЖД хўжаликлараро коллекторидан сув тошиши юзага келди. Сув сатҳи 4,5 м3/с кўтарилиши натижасида Бахт шаҳрининг “Хазина”, “Тадбиркор”, “Ишонч”, “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги жами 35 та кўчада сув тошган. 102 та хонадонлар ва 525 та ҳовлиларга сув йиғилиб қолган. 679 нафар фуқаро эвакуация қилинган.

Юзага келган вазиятни назорат қилиш, тезкор чоралар кўриш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигида Сирдарё тумани ҳокимлиги, маҳалла вакиллари, ИИБ, МГ, ФВБ, Миллий Гвардия, Қуйи Сирдарё ИТҲБ ва бошқа дахлдор ташкилот ва идораларнинг масъул ходимларидан иборат Тезкор штаб ва унинг ишчи гуруҳи тузилди. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан сув босган хонадонлардаги аҳоли хавфсиз худудларга кўчирилиб, озиқ-овқат ва зарур ашёлар билан таъминланди. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган ФФВ вазири, генерал-майор А. Қўлдошев, Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев ва бошқа масъуллар билан бирга тезкор тадбир ишлаб чиқилиб ишга киришилди.

Шунингдек, мазкур ҳудудда авария-тиклаш ҳамда сув тошқини ҳудудидан сувларни чиқариб ташлаш тадбирларига махсус техникалар ва зарурий воситалар сафарбар этилди. Бундан ташқари, вилоят ҳудудидаги аҳоли турар жойлари (ҳовлилар), ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари объектлари ҳудудлари ва кўчаларда йиғилиб қолган ёмғир сувларини чиқариб ташлаш учун 40 та ёнғин ўчириш автомобиллари, 25 та мотопомпа, 18 та сув ташиш техникалари ва 202 нафар ФВВ ходимлари жалб этилди.

Бахт шаҳрига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 14 та ёнғин ўчириш автомобиллари, 16 та мотопомпа, 11 та чуқурлик насоси, туман хокимлиги ва Автомобиль йўллари бош бошқармасининг 9 та самосвал, 1 та автогрейдер, 2 та автопогрузчик, 2 та каток, 1 та автокран, 3 та автобус, 2 та сув ташиш техникалари ва 1 та трактори жалб этилиб, 28 та аҳоли хонадонлари ва 103 та уй ҳовлилари ҳамда кўчаларга тошган коллектор сувлари чиқариб ташланди.

Кучли ва тинимсиз ёғингарчилик натижасида сув сатҳининг кескин кўтарилиши сабабли йўлларда вужудга келган ноқулайликларни бартраф этиш мақсадида М-34 (Тошкент-Душанбе) автомобиль йўли Гулистон - Тошкент йўналишининг 72-104 километри оралиғида чуқурчаларни асфальтобетон қопламаси ёрдамида ямаш, М-34 “Тошкент-Душанбе” А-373 “Гулистон-Охангарон-Қўқон”, 4К-671Д “Бахт шаҳрига кириш”, 4Р-25 “Сайхун қ-Бахт ш-Қозоғистон республикаси чегараси” ва 4К-644 “Турон қ - Болтой қ” автомобиль йўлларида тўпланиб қолган сувларни махсус техникалар ёрдамида кетказиш, Янгиобод, Хазина, Тадбиркор, Тинчлик маҳалласи ички хўжалик йўлларидаги тўпланиб қолган сувларни кетказиш ва чегара йўлларида қум шағал арашлашмаси билан текислаш ишлари олиб борилди. 

Бахт шаҳар Хазина, Ишонч, Тинчлик, Тадбиркор маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги кўчаларнинг ёмғирдан зарар кўрган 746 та хонадонларида юқумли ва паразитар касалликларини олдини олиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Сирдарё тумани бўлимининг 14 нафар ходимлари томонидан дезинфекция тадбирлари олиб борилмоқда.

ВЖД коллекторига қўйилган мосламадан сув сатҳи 1 метргача ва ВЖД-3 коллекторидаги сув сатҳи 20 см.гача пасайган. Ушбу коллекторнинг ПК-35 нуқтасида жойлашган гидрокўприкда 7 нафар ишчи ва хизматчилар томонидан ҳар хил йиғилган чиқиндилар тозаланди.

Сирдарё ва Тошкент вилоятлари “Тоза худуд” ДУКнинг 4 тадан махсус техникалари ёрдамида 1920 м3 тўпланиб қолган сув чиқариб ташланди. Тошқин асоратларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Шуҳрат Суяров, ЎзА

Report Page