Жиноятга қўл урган маҳалла раисига ҳукм ўқилди

Жиноятга қўл урган маҳалла раисига ҳукм ўқилди

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Юртимизда жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги, иқтисодиётимиз ва мамлакатимиз равнақига рахна солувчи, маънавиятни емириб, миллий қадриятларни, одоб-ахлоқ нормаларини паймол этувчи, давлат органлари фаолиятини издан чиқарувчи коррупция каби иллатга самарали кенгқамровли курашиш олиб борилмоқда.

Халқ ишончини оқлаш маҳалла фуқаролар йиғини раисининг энг устувор вазифасидан бири бўлиб, маҳаллада яшовчи инсонларнинг дарду-ташвиши билан ўз фаолиятини юритиш керак, шу лавозимга одатда катта ҳаётий тажриба эга бўлган обрў-эътиборга сазовор бўлган шахс сайланади, бироқ гуруч кўрмаксиз бўлмайди деганидек, афсуски маҳалла раислари орасида ҳам ишончга путур етказиб, нафс балосига йўлиққанлар учраб турибди.

Ўзганинг мулкига кўз тикиш, нопок луқмадан ҳазар қилмаслик ва бошқа салбий иллатлар ҳеч қачон яхшилик билан якун топмайди.

Шундай бир ҳақиқат бор, ноҳалол луқмадан бирон кимса ўсиб-унмаган, барака топмаган, афсуски, ҳаётда шундай мисоллар ҳам учраб туради. Яқинда суд томонидан кўрилган бир жиноят иши юзасидан маҳалла раиси фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларни содир этганлиги учун айбли деб топилди.

Сирдарё вилояти, Оқолтин тумани, “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш.Бердиев (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам жиноятларга қўл урди. Раис ҳузурига келган шу маҳаллада яшовчи Б.Давронов 2020 йил 1 май кунги “Сардоба сув омбори” тўғони ёрилиши оқибатида яшаш хонадонига жиддий зарар етганлиги ва яшашга шароити йўқлигини тушунтириб, уй-жой қуриш учун ер участкасини ажратишда кўмаклашишни сўрайди, Ш.Бердиевда ер участкасини ажратиш ўзининг ваколати доирасига кирмаса-да, ўзганинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида Б.Давроновга Оқолтин туман ҳокимлигининг мансабдор шахслари орасида танишлари борлиги, ушбу танишларини моддий манфаатдор қилган холда Оқолтин туман ҳокимлигининг қарори асосида “Саховат” маҳалласи ҳудудидан турар жой қуриш учун 4 сотихли ер майдони ажратиб бериши мумкинлиги ҳақида айтиб, уни алдаб, ишончига кириб, бунинг эвазига таниш мансабдор шахсларига пора бериш кераклигини айтиб, Б.Давроновни пора беришга далолат қилган, шу тариқа 2020 йил июль ойида Оқолтин тумани, “Саховат” маҳалласида жойлашган дала шийпонида Б.Давроновдан 300 АҚШ доллари миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Суд томонидан судланувчи Ш.Бердиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди, 28, 211-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 45, 59-моддаларига асосан 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни маҳалла раиси ва маҳалла идоларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, сутканинг соат 21.00дан 06.00 га қадар яшаш жойидан чиқиши чекланган ҳолда 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Хулоса қилиб айтганида, Ш.Бердиев ноқонуний қилмиши учун нафақат судланди, эл орасида ҳам уятга қолди, унинг қинғир ишлари яхшиликка олиб бормади, ахир бунинг қонуний йўллари бор эдику, шу тариқа Ш.Бердиев фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятининг аччиқ таъмини татиб кўришга мажбур бўлди.

Бобошер Қурбанов,
Сирдарё вилояти суди раисининг ўринбосари
жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Report Page