Боёвутлик ёшларга ер ажратилиб, илғор фермерлар бириктирилди
@SirdaryoUZB
Мамлакатимиз ёшларини иш билан таъминлаш орқали уларнинг даромадини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да, айниқса, кенг кўламда амалга оширилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусан, вилоятимизда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритишни мақсад қилган йигит-қизларга катта имкониятлар тақдим этилмоқда.

Бугун вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев раҳбарлигида Боёвут туманидаги "Ёшлар дафтари" рўйхатига киритилган, деҳқончилик қилишни мақсад қилган 120 нафар ёшга ер майдонлари ажратилиб, сертификатлар топширилди.

Вилоят ҳокими боёвутликлар билан мулоқоти давомида Президентимиз ёшларни қўллаб-қувватлаб, уларга ишонч билдирилаётганлиги хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди. Уларга унумдор ер майдонлари ажратилаётганлиги ҳам ана шу эътиборнинг мантиқий давоми эканлигини таъкидлади. Ёшларга омад тилади.

Жумладан, 1-сектор ҳудудидаги фермер хўжаликларидан жами 45 нафар, 2-сектор ҳудудидан 25 нафар, 3-сектор ҳудудидан 25 нафар ҳамда 4-сектор ҳудудидан 25 нафар йигит-қизга унумдор ер майдонлари ажратиб берилди.

– Бундай эътиборни кутмаган эдим. Аввало, Муҳтарам Президентимизга ўз ташаккуримни билдирмоқчиман. Кейин бизга ҳеч қандай тўловсиз, бепул асосда ер ажратиб бераётган туман ҳокимлигига раҳмат айтаман, – деди Аваз Сатторов вилоят ҳокими билан бўлган суҳбатида .

Шунингдек, иштирокчилар учун томорқаларда фойдаланиш учун мўлжалланган техникалар, экиш учун турли хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва экинлари ҳамда минерал ўғитларнинг кўргазмаси ташкил этилди. Илғор фермерлар ёшларга бириктирилди. Эндиликда, тажрибали фермерлар ёшларнинг берилган ердан унумли фойдаланиши, агротехник тадбирларни бажаришида яқин маслаҳатчи ва кўмакчи бўладилар.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати