Мирзаобод туманида 2 нафар отанинг иши судда кўрилди
@SirdaryoЖамиятнинг бир бўлаги бўлмиш оила муқаддас қўрғон саналган. Муқаддас қўрғонни асраб-авайлашда ота-онанинг ўз маъсулияти ва вазифалари бор. Фарзанд олий неъмат. У эртанги кунда комил инсон бўлиб, жамиятда фаолият олиб бориши учун ота-она тўғри тарбия бериши билан бир қаторда моддий таъминотини ҳам таъминлаши лозим. Бугун бу мажбуриятларини унутиб, ўйламай оила қурган, фарзандларининг эртанги кунига лоқайд ота-оналар борлиги дилимизни хира қилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар деб белгилаб қўйилган.
Жорий йилнинг 12-февраль куни Мирзаобод туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида 2 нафар отанинг иши кўриб чиқилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 21.07.2015 йилдаги қарорига асосан қарздор И.Имомқулов томонидан ундирувчи М.Имомқулованинг фойдасига икки нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир (1/3) қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Бюронинг Мирзаобод туман бўлими давлат ижрочиси З.Эрмоқулов томонидан қарздор И.Имомқулов бир-неча бор огоҳлантирилишига қарамай алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Натижада алимент тўловларидан қарздорлиги 24,5 млн. сўмни ташкил этган.
Шу сабабли Мирзаобод туман маъмурий судининг 2020 йилнинг 12-февраль кунги қарори билан И.Имомқуловга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47 прим тўрт-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шуниндек, Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 21.12.2017 йилдаги қарорига асосан қарздор Ч.Аррабаев томонидан ундирувчи А.Аррабаеванинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир (1/4) қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Қарздор Ч.Аррабаев очиқ суд мажлисида ўз фарзанди вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш мажбуряти ва масуляти ҳис қилган чоғи, алиментдан йиғилиб қолган 4,9 млн. сўм қарздорлигини суд жараёнида тўлиқ тўлади ва Мирзаобод туман маъмурий судининг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 21-моддасига асосан Ч.Аррабаев огоҳлантирилди.
Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими