Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти филиали янги бинода иш бошлади
@SirdaryoUZB
Ҳар қандай мамлакатда амалга оширилаётган янгиланишлар самарадорлиги давлат фуқаролик хизматчиларини танлаш, жой-жойига қўйиш, ривожлантириш тизимига ва уларнинг натижадорликка йўналтирилганлигига бевосита боғлиқдир. Зеро, Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ўзгаришлар мамлакат тараққиётига улкан туртки бўлади.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги 4 йил ичида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби, давлат фуқаролик хизматида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, давлат хизмати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Бу борада, Давлат раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаПФ-5843-сонли Фармони ҳамда ПҚ-4472-сонли Қарори имзоланиб, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ягона ваколатли орган ташкил этилганлиги юқоридаги фикрларнинг яққол мисолидир.


Ўз навбатида, ўтган қисқа вақт ичида Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш борасида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сирдарё вилояти филиали ҳамда Давлат бошқаруви академиясининг Гулистон филиали учун қайта қуриб битказилган бинонинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.


Бино 2020 йилда тўлиқ мукаммал қайта таъмирланиб, бунинг учун 3 млрд. 534 млн. сўм маблағлар йўналтирилди. Филиалда жами 105 нафар тингловчига мўлжалланган 1 та вебинар, 1 та мультимедиа, 2 та тренинг, 2 та элекрон адабиётлар хоналари, видеостудия ҳамда хизмат хоналари ажратилган. Барча хоналар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа воситалар билан жиҳозланган.


Тадбир иштирокчилари яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди. Йиғилишлар залида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар бўйича тақдимот ўтказилиб, агентликнинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари билан суҳбат ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати