Сурхондарёда ёввойи қамишдан тайёрланган маҳсулотдан замонавий мебеллар ишлаб чиқарадиган янги корхона фойдаланишга топширилди

Сурхондарёда ёввойи қамишдан тайёрланган маҳсулотдан замонавий мебеллар ишлаб чиқарадиган янги корхона фойдаланишга топширилди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Термиз шаҳрида барча турдаги мебель жиҳозлари ва замонавий МДФ эшикларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Комфорт мебель сервис” масъулияти чекланган жамиятининг қўшимча замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган янги мебель ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди.

Хабарингиз бор, Президентимиз 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Surxon KSP-Grand” масъулияти чекланган жамиятининг қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб, тегишли вазифаларни берган эди. Шунга мувофиқ корхона таъсисчиси ­ “Surxon sanoat qurilish” компанияси қисқа даврда ёввойи қамишдан самарали фойдаланишнинг кластер усулини жорий этди.

Ҳисоб-китобларга кўра, вилоят ҳудудида 26 минг гектардан ортиқ майдонда ёввойи қамиш ўсади. Ҳар йили куз фаслининг қамишзорлар беаёв ёқилиши воҳанинг Термиз, Музработ каби туманлари ва Термиз шаҳрининг ҳайвонот ва ўсимлик оламига зарар етказиб, экологик муҳитга ўз таъсирини ўтказаётган эди. Бу муаммога чек қўйиш ва табиат инъом этган бебаҳо бойликдан оқилона фойдаланиш учун “Surxon sanoat qurilish” компанияси мутахассислари хориж тажрибасини ўрганиб, қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

“Surxon sanoat qurilish” компанияси негизида ташкил этилган “Surxon KSP-Grand” масъулияти чекланган жамияти дастлабки босқичда хорижда ёғоч қириндисидан тайёрланган қурилишбоп плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг учун 1 миллион 800 минг доллар маблағ сарфлаб, мавжуд бинони реконструкция қилди. Замонавий хориж технологиялари билан жиҳозлади. Бу маблағнинг 987 минг доллари тижорат банки кредитидир. Йилига 1,87 миллион квадрат-метр ҳажмдаги тайёр қурилишбоп материал ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 150 кишининг бандлиги таъминланди.

Навбатдаги босқичда қамиш заррачали плиталарни ламинатлаш ўзлаштирилиб, бир йилда мамлакатимизга хориждан ўртача 100 миллион долларга харид қилинадиган ДСП материали ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Тўлиқ маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилаётган бу материал ёғоч қириндисидан хорижда тайёрланганига нисбатан арзон, сифатли ва намгарчиликка ҳам чидамлилиги билан катта қизиқиш ўйғотди.

Эндиликда ёввойи қамишдан кластер ташкил этган тадбиркор “Surxon sanoat qurilish” компанияси негизида ташкил этилган “Комфорт мебель сервис” масъулияти чекланган жамиятининг қўшимча замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган янги мебель ишлаб чиқариш корхонасини фойдаланишга топширди.

Бу ерда қамиш қириндили ранг-баранг ламинацияланган плиткалардан бежирим офис ва уй мебеллари ишлаб чиқарилмоқда. МДФ эшиклари кўп қаватли турар-жой биноларига ўзгача кўрк бағишламоқда. Бунинг учун корхона 3 миллион 100 минг долларлик лойиҳани амалга ошириб, цехларни Европа ва Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар ўрнатди.

Корхонанинг тантанали очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар бу ера ишлаб чиқарилган янги мебель маҳсулотлари ва цехларда ўрнатилган замонавий дастгоҳлар билан яқиндан танишди.

- Янгидан ўрнатилган ускуналар корхона қувватини ошириб, тайёрланаётган мебеллар сифатини янада яхшилади,­ - дейди “Комфорт мебель сервис” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Фарҳод Шоимов.­Хорижникидан қолишмайдиган уй, ошхона, офис ва бошқа мебеллар ишлаб чиқаришга қулай муҳитни шакллантирди. Юзта янги иш ўрни яратилди.

Корхонанинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.



Report Page