Cурхондарё. Барча куч-имкониятлар аҳоли муаммоларини ҳал қилишга қаратилмоқда

Cурхондарё. Барча куч-имкониятлар аҳоли муаммоларини ҳал қилишга қаратилмоқда

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Одам ариза ёки шикоят билан мурожаат қилмаса, бу унда умуман муаммо йўқ, дегани эмас. Айниқса, сабр-қаноат ва шукроналикни ҳаёт мазмуни, орияту ғурурни улуғ қадрият даражасида эъзозлайдиган халқимиз ўртасида дарду-ташвиш қийнаб турган бўлса-да, бу ҳақда маҳалла-кўй, мутасадди идора ва ташкилотларга мурожаат қилишни ўзига эп кўрмайдиган, истиҳола қиладиганлар кўп.

Шу боис ҳам Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жойларда сайёр қабуллар ўтказиш билан бир қаторда аҳоли муаммоларини тўлиқ қамраб олиш, фуқароларнинг турмуш шароити, уларни кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани билан жойида танишиш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла ва хонадонларда ҳам бўлиб, аҳоли вакиллари билан яқиндан мулоқотлар ўтказмоқда.

Бугун, 3 декабрь куни Шеробод туманининг Истиқлол ҳамда Чиғатой маҳаллалари аҳолиси билан бўлган юзма-юз мулоқотда тоза ичимлик суви танқислиги, электр энергияси ҳамда газ таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой, ички йўлларни таъмирлаш, бандлик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ муаммоларни кўтаришди.


Мулоқотларда ўртага ташланган масалаларнинг аксарияти жойида мутасаддилар иштирокида ҳал этилди. Ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан муддат белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, кам таъминланган, ногиронлиги бор шахслар хонадонига ҳам ташриф буюрилиб, улар ҳолидан хабар олинди.

Бундай бевосита мулоқот, юзма-юз учрашувларнинг таъсир кучи янада кўпроқ бўлиб, ислоҳотлар таъсирчанлигини оширишга, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиши учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Асосий мақсад эса аҳоли муаммоларини тўлиқ қамраб олиш, уларга тезкор, самарали ва ҳаётий ечим топиш, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўришига эришишдан иборат.


Report Page