Америкалик экспертлар билан учрашув

Америкалик экспертлар билан учрашув

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Термиз шаҳрида “Савдо имкониятлари ва транспорт-транзит муаммолари” мавзуидаги ҳудудий форум ўз ишини бошлайди. Икки кун давом этадиган форумда мамлакатимиз ҳамда Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Украина сингари давлатлардан вакиллар иштирок этади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида ташкил этилаётган бу нуфузли тадбирда вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий, жуғрофий имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари намойиш этилади, Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, савдо ва инвестиция алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланади.

Бугун, 2 декабрь куни вилоят ҳокимлигида ҳудудий форумга ташриф буюрган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий миссияси Иқтисодий алоқалар бўйича офиси директори Райдер Роджерс, АҚШ Савдо вазирлиги Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш халқаро дастури юрисконсульти Жоселин Стайнер билан бўлган учрашувда вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишдаги йирик имкониятлари, қўшни мамлакатлар ва Афғонистоннинг қатор вилоятлари билан ўрнатилган  ишончли ҳамкорлик алоқалари, Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, савдо-сотиқ ишларини янада кенгайтиришнинг аҳамияти ва долзарблиги,  АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий миссияси билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

Учрашувда Ўзбекистон халқаро экспедиторлар уюшмаси раиси Ҳ.Матчанов ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ҳам иштирок этди.


Report Page