Сурхондарё вилоятига афғонистонлик ишбилармонлар ташриф буюрди
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati
Бугун, 21 ноябрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Муҳаммад Муҳсин Амирий раҳбарлигидаги ишбилармонлар делегацияси Сурхондарё вилоятига келди. Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташриф буюрган делегация аъзолари вилоят ҳокими Тўра Боболов билан учрашди.

Мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган қулай муҳитдан фойдаланиб, афғон ишбилармонлари юртимизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётир. Хусусан, айни пайтда Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 111 хизмат кўрсатиш, 49 қишлоқ хўжалиги ва 35 саноат соҳасида қўшма ҳамда хорижий корхоналар фаолият юритмоқда.

Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилган. Божхона терминали, кенг, шинам меҳмонхона, ресторан ва бошқа шохобчалар афғон ишбилармонларига сифатли хизмат кўрсатади. Ҳужжатларнинг “Бир дарча” принципи асосида тақдим этилиши расмийлаштириш жараёнларини ҳеч қандай тўсиқларсиз, тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда. Шунингдек, афғонистонлик қўшнилар учун виза расмийлаштириш соддалаштирилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида қўшни мамлакатга вилоятдан 45 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар экспорт қилинди. 2019-2020 йилларда афғон тадбиркорлари ҳамкорлигида жанубдаги воҳада саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 46 миллион доллар бўлган 40 лойиҳани амалга оширишга келишилган.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, Сурхондарёда хорижий тадбиркорларга яратилаётган инвеститцион имкониятлар, шаффоф бизнес юритиш муҳити яна бир гуруҳ афғонистонлик ишбилармонларнинг вилоятингизга қизиқишини орттирди – дейди Муҳаммад Муҳсин Амирий.

Учрашув чоғида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тоғ-кон тармоғини ривожлантириш ва бошқа инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.


Маълумки, Афғонистон, Эрон, Туркия, Озарбойжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштириладиган, олтиндек қдрланадиган заъфарон ўсимлигидан кўз томизғичлари, турли-туман дорилар, қувватбахш дамламалар тайёрланади.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, шифобахш заъфарон Сурхондарёнинг тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни тоғ ва тоғолди ҳудудларда, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжуд.

Афғонистонлик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган учрашув чоғида заъфарон ўсимлиги, шунингдек, дунёга машҳур Жалолобод анорларини Сурхондарёда етиштиришни йўлга қўйиш масаласида ҳам келишиб олиниб, ҳар бир келишувнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун барча имкониятлар ишга солиниши таъкидланди.


Делегация аъзоларининг ташриф давомида вилоятдаги йирик корхона ва фирмалар фаолияти билан яқиндан танишиши, тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилиши кўзда тутилган.