Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati
Бугун, 8 ноябрь куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 46-сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар мутасаддилари иштирок этди.

Сессияда депутатлар Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг “Қизириқ тумани ҳудудидаги айрим маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини янги ташкил этилаётган Бандихон тумани таркибига ўтказиш тўғрисида”ги, Бойсун тумани Кенгашининг “Бойсун тумани “Кўлқамиш” маҳалласининг “Куба” қишлоқ аҳоли пункти ҳудудини Бандихон тумани таркибига ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда Термиз тумани Кенгашининг “Термиз туманининг айрим аҳоли пункти ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини Термиз шаҳри таркибига ўтказиш ҳақида”ги қарорларини маъқулладилар.
“Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ушбу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан сўраш, Олий Мажлиси палаталарининг розилиги олингандан сўнг уларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.


Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонинг вилоятдаги ижроси бўйича Халқ қабулхонаси мудири А.Эшмуродовнинг, вилоятдаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти тўғрисида Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири А.Алламурадовнинг маърузаси тингланди.
Музокараларда сўзга чиққанлар сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.


Шундан сўнг депутатлар вилоят ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилинган қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

