Сурхондарёдаги Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларига ҳарбий-жанговор техникалар топширилди

Сурхондарёдаги Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларига ҳарбий-жанговор техникалар топширилди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Бугун, 24 октябрь куни Термиз шаҳрида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларига замонавий ҳарбий-жанговор техникаларнинг калитлари топширилди. Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов, Мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий қўшинлар қўмондонлиги, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, нуронийлар ва ёшлар вакиллари ҳамда ҳарбий техникаларни қабул қилган ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан қўшинларни янги, бугунги кун талабларига жавоб берадиган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминлашдан кўзланган мақсад уларнинг қудрати ва салоҳиятини ошириш, қолаверса, ҳарбий хизматчиларимиз кўникмасини янада мустаҳкамлашдан иборат эканлигини таъкидладилар. Ҳарбий хизматчиларимиз ушбу техникалардан оқилона ва самарали фойдаланиш билан бирга, уларни доимо жанговар шай ҳолатда сақлашига умид билдирдилар.

Янги ҳарбий-жанговор техникаларни қабул қилиб олган Ватан ҳимоячилари қувончи ортгани ҳолда зиммаларида масъулият юки ошганини қайта-қайта таъкидладилар. Зеро, бугунги кун армияси ҳақида гап кетганда кўз олдимизга биринчи галда замонавий ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар намоён бўлади. Ҳар қандай мамлакат тараққиётини мудофаа қудратисиз тасаввур этиб бўлмайди. Барча соҳалардаги барқарор ривожланиш негизида тинчлик, хавфсизликни таъминлаш турибди.

Тадбир давомида кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳарбийларнинг жанговор кўргазмали чиқишлари, ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар билан яқиндан танишиш, уларнинг ички кўринишини, асл намуналарини ўз кўзи билан кўриш имконига эга бўлди.

Шундан сўнг замон талабларга тўлиқ жавоб берадиган, салонидан янгилик ифори кетиб улгурмаган 100дан ортиқ ҳарбий-жанговор техникалар вилоятимизнинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қисмлар сари йўл олди.


Report Page