Армия ва халқ якдиллиги янада мустаҳкамланмоқда

Армия ва халқ якдиллиги янада мустаҳкамланмоқда

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Сурхондарё вилоятида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 17-18 октябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида белгилаб берилган муҳим топшириқлар, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этишга киришилди.

Хусусан, вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш вилоятдаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини янада кенгайтириш, уларнинг онгига Сурхон воҳасининг ўзига хос қадриятлари, термизий алломаларнинг ўгитлари, Алпомишнинг жасорати, бахшичилик санъатининг аҳамиятини сингдириш юзасидан берилган топшириқлар ижросига бағишланди.

Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов бошқариб борган йиғилишда буюк аждодларимиз ҳаётидаги ёрқин мисоллар орқали ёшлар ва ҳарбий хизматчиларда ғурур, садоқат ва ватанпарварлик туйғусини, жанговарлик руҳи ва исталган пайтда Ватан ҳимоясига тайёрликни тарбиялашга йўналтирилган тадбирларни ташкил этиш, умумтаълим мактабларида ҳафтанинг пайшанба кунлари ҳарбийлар иштирокида “Жасорат машғулотлари” ўтказиб бориш, адашиб, турли нотўғри йўлларга кириб қолганларни қайта тарбиялашда ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш юзасидан ҳамкорликдаги вазифалар белгиланди.

Шунингдек, ҳарбий қисмларда миллатнинг эзгу орзу умидлари, интилишлари, жасорати ва мардлигини ўзида мужассам этган “Алпомиш” достони, бахшичилик санъати ва тарихидан сабоқ бериш, таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, санъаткорлар, кекса авлод вакиллари иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш, ҳарбий хизматчилар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар ўртасида турли спорт мусобақаларини уюштириш, бунда асосан, тоғли ҳудудларда аскарларнинг от чоптириши, камондан нишонга ўқ узиш, тош кўтариш, кураш каби миллий қадриятларимизга хос бўлган ҳарбий машғулотларнинг эътиборга олиниши юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. 


Report Page