Сурхондарёда халқаро бизнес форумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati
2019 йилнинг 21-22 сентябрь кунлари Термиз шаҳрида “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес форуми ўтказилади. Айни дамда форумга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бугун, 14 сентябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда халқаро форумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди.


Халқаро бизнес форум вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳудуддаги инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти ва имкониятлари билан таништириш мақсадида Термиз шаҳрида иккинчи бор ташкил этилмоқда. Унга дунёнинг 37 та давлатидан 360 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, чет эл ваколатхоналари ходимларининг иштирок этиши кутилмоқда.


2018 йилнинг июнь ойида илк бор ўтказилган “Open South International Business Forum I” халқаро бизнес-форумида дунёнинг 25 та давлатидан 254 нафар иштирокчи қатнашганди. Форум доирасида имзоланган 351 миллион долларлик 47 та инвестицион, 214 млн. долларга тенг бўлган 44 та ташқи савдо шартномалари асосида ҳозирда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.


Йиғилишда иккинчи халқаро бизнес форумга ҳозирлик доирасида Термиз шаҳридаги Санъат саройини тайёрлаш ва техник жиҳозлаш, Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида павильонларида вилоятда ишлаб чиқарилаётган турли хилдаги тайёр маҳсулот кўргазмасини ташкил этиш, воҳа товар ишлаб чиқарувчиларининг тақдимотларини ўтказиш, шунингдек, форум қатнашчилари учун меҳмонхоналарда жойлар ҳозирлаш, транспортлар ажратиш ва бошқа ташкилий ишларнинг бориши юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланиб, қўшимча вазифалар белгиланди.

