Расмий баёнот: фуқарони ишга тиклаш ёки тикламаслик масаласига суд қарори асосида аниқлик киритилади

Расмий баёнот: фуқарони ишга тиклаш ёки тикламаслик масаласига суд қарори асосида аниқлик киритилади

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Ангор тумани ҳокимлиги 2019 йилнинг 3 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Чинобод” маҳалласида яшовчи фуқаро Эркин Гаппаровнинг Охунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғини котиби лавозимидан ноҳақ ишдан олингани айтилган “Ангор ҳокими суд қарорини писанд қилмади, МИБ ижрони бажармади” сарлавҳали танқидий материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 4-бандига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Шунга мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ангор тумани кенгашининг 2019 йил 30 майдаги йиғилиш баёни қарори асосида туман ҳокимининг 157-сонли фармойиши қабул қилиниб, тумандаги мавжуд 35 та фуқаролар йиғини котибининг эгаллаб турган вазифасидан озод қилингани эътироф этилди. Уларнинг орасида Охунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғини котиби Эркин Гаппаров ҳам бор.

Эндиликда улар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари (бир вақтнинг ўзида у “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси ҳисобланади) томонидан вазифасига қайта тайинланиши ёки тайинланмасликлари мумкин.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, маҳалла котиби лавозимига номзод бевосита тайинлангунга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши керак. Фуқаро Э.Гаппаров эса “Чинобод” маҳалласида яшаб, Охунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғинида ишлаб келган. Ишга қабул қилинаётганда маҳалла фуқаролар йиғини билан фуқаро ўртасида ҳеч қандай меҳнат шартномаси ҳам тузилмаган.

Шунингдек, фуқаро Э. Гаппаров ишлаб турган даврида ўз вазифасига номуносиб ҳатти-ҳаракатлари учун Ангор туман маъмурий судининг 2019 йил 28 майдаги ҳал қилув қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

2019 йилнинг 23 августида Охунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар туман ҳокимлигига ёзма мурожаат йўллашиб, фуқаро Э.Гаппаровнинг ишлаган давридаги ҳатти-ҳаракатларидан норози эканликлари ва унинг қайта бу маҳаллада котиб вазифасида ишлашини истамасликларини маълум қилишган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомда ўз турмуш тарзи билан фуқаролар йиғини аъзолари ўртасида салбий тавсифланган шахслар масъул котиб лавозимига тайинланмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ангор тумани ҳокимлиги 2019 йилнинг 4 сентябрь куни Шеробод туманлараро судининг 2019 йил 20 августдаги фуқаро Э.Гаппаровни Охунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғини котиби лавозимига қайта тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ижросини кечиктириб туриш ва бекор қилиш бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляцияси судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритди.

Ангор тумани ҳокимлиги фуқаро Э.Гаппаровнинг маҳалла котиби лавозимига қайта тикланиш ёки тикланмаслик масаласига Сурхондарё вилоят суди апелляцияси судлов ҳайъати ҳал қилув қарори асосида аниқлик киритилишини маълум қилади.


Report Page