Термизда афғонистонлик тадбиркорлар қурган кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди

Термизда афғонистонлик тадбиркорлар қурган кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Термиз шаҳри Шодлик маҳалласида “AFGAN–GERMAN CAMPANY” қўшма корхонаси томонидан бунёд этилган етти қаватли замонавий турар-жой биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, афғонистонлик тадбиркорлар ҳамда янги хонадонлар эгалари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган қулай муҳитдан фойдаланиб афғон ишбилармонлари юртимизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, қурилиш каби тармоқларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётганлиги,  “AFGAN–GERMAN CAMPANY” қўшма корхонаси томонидан барпо этилган кенг, шинам кўп қаватли уй бунга яққол далил эканлигини таъкидлади.

Қадимий шаҳар марказида қад ростлаган кўп қаватли уйни бунёд этиш учун 1 миллион 500 минг доллар қийматидаги маблағ сарфланди. Бинода ишлатилган қурилиш материалларининг 90 фоизи маҳаллий, ўн фоизи чет эл хом ашёсидир.

– Замонавий қурилиш материаллари асосида бунёд этилган турар-жой биносининг лойиҳасини ўзбек, афғон ва немис мутахассислари ҳамкорликда ишлаб чиқди, – дейди “AFGAN–GERMAN CAMPANY” қўшма корхонаси раҳбари Самканай Самиуллоҳ. – Лойиҳада шаҳарнинг иқлими алоҳида эътиборга олинган. Кейинги йилларда хорижлик инвесторларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб кўп қаватли уйни пишиқ-пухта, сифатли қуриб, битказдик. Биз, афғон халқи ҳам мамлакатимизда тинчлик, осойишталик бўлишини истаймиз. Бу йўлда Афғонистонни қўллаб-қувватлаётган давлатингиздан беҳад миннатдормиз.

57 хонадонга мўлжалланган турар-жой биносида барча замонавий шароит яратилган. Ҳар бир йўлакчага Туркияда ишлаб чиқарилган лифт ўрнатилган. Биринчи қавати савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари учун мўлжалланган. Турар-жой биноси олдида болалар учун ўйингоҳлар, шахсий автомашиналар учун тураргоҳ қурилган. Яратилган бу каби қулайликлардан янги уйга кўчиб ўтган юртдошларимиз ҳам мамнун.



Report Page