Расмий муносабат: “Чилгаз ота” масжиди бузилмайди. Аксинча яна бир замонавий янги масжид қурилади.

Расмий муносабат: “Чилгаз ота” масжиди бузилмайди. Аксинча яна бир замонавий янги масжид қурилади.

Cурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқда “Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Қизириқ тумани марказида жойлашган масжидни нега буздирмоқчи?”, деган хабар тарқалди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Вилоят ҳокими Тўра Боболов 2021 йилнинг 26 июнь куни Қизириқ туманининг Рабатак маҳалласида бўлганида фаоллар томонидан марказий “Чилгаз ота” жоме масжиди намозхонлар учун торлик қилаётгани айтилиб, унинг ўрнида замонавий қулайликларга эга, сиғими 3 минг кишилик янги масжид қуриш таклифи билдирилган.

Вилоят ҳокими масжиддаги шарт-шароитлар билан танишгач, фаолларнинг таклифини қўллаб-қувватлаган. Масжид жойлашган ҳудудда уни кенгайтиришнинг имкони йўқлиги инобатга олиниб, замонавий қулайликларга эга янги марказий масжидни бунёд этиш учун бошқа жойдан ер ажратиш, бунисини маҳалла намозхонлари учун қолдириш ҳақида мутасаддиларга кўрсатма берилган. “Чилгаз ота” жоме масжидини буздириш тўғрисида эса гап-сўз бўлмаган.

Юртдошларимиздан аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда салбий фикр ва ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги ёлғон хабарларга ишонмасликни сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, қонунчиликда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари миқдорда жарима солишга, шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорида жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланишига сабаб бўлади.


Report Page