Расмий муносабат

Расмий муносабат

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Денов туманидаги эски “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори”да фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ сотувчиларнинг 2020 йил 17 июнь куни ижтимоий тармоқлар орқали қилган видео мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Хабарингиз бор, Сурхондарё вилоятининг энг кўп аҳолиси истиқомат қилаётган Денов тумани Бош режасига ўз вақтида урбанизация нуқтаи назардан ёндашилмаганлиги сабабли айрим йирик саноат корхоналари, деҳқон ва буюм бозорлари туман маркази – Денов шаҳрида жойлаштирилган.

Натижада аҳоли энг гавжум бўладиган мазкур ҳудудда кириш ва чиқиш учун йўлларнинг торлиги, автомобиллар учун тўхташ жойлари ва инфратузилма тармоқлари етарли эмаслиги жиддий муаммолар туғдирмоқда. Айниқса, шаҳардаги деҳқон бозори атрофи бутунлай издан чиққан ва аҳолига жуда катта ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

Ана шуларнинг барчасини инобатга олиб, 2020-2022 йиллар давомида туманда саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, туман марказининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича 505 та замонавий лойиҳани жорий этиш белгиланди.

Жумладан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида туман марказида жойлашган марказий деҳқон бозори ва унинг атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари туман марказига кираверишда қурилаётган замонавий бозорга кўчирилади. Марказдаги йирик саноат корхоналари босқичма-босқич туман марказидан кўчирилади.

Янги “Деҳқон бозори” турли хил расталарга бўлинган бўлиб, сотувчи ва харидорлар учун зарур барча қулайликлар яратилган. Бозорда 1300 ўринли савдо расталари мавжуд (ҳозирда фаолият юритаётган бозорда 1226), деҳқонларга ўз улгурчи маҳсулотларини сотишлари учун ҳам шароитлар қилинган. Бундан ташқари, 43 та дўкон ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга мослаштирилган. Бир қатор умумий овқатланиш шаҳобчалари, автомобиллар учун тураргоҳ аҳоли хизматида бўлади.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жорий йилнинг 5 июнь куни Денов тумани ҳокимлиги биносида бир гуруҳ озиқ-овқат маҳсулотларини сотувчилар билан учрашиб, деҳқон бозорининг янгисига кўчирилишига оид саволларига батафсил жавоб қайтарган ҳамда кўчириш жараёни янги бозор ва унинг атрофини ободонлаштириш, тозалаш ва қора қоплама ётқизиш ишлари тўлиқ якунига етказилгандан кейин, ўшанда ҳам қонуний тартибда, ҳеч бир сотувчини норози қилмайдиган тарзда амалга оширилишини тушунтирган эди.

Зеро, бугунги замон барчамиздан янгича қараш ва янгича иш тутишни талаб этмоқда. “Намозгоҳ” маҳалласида замонавий савдо комплексини қуриб, эски бозорни унга кўчиришдан мақсад аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ва савдо қилиш шароитларини яхшилаш, қолаверса, туман маркази меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириб, уни хорижликлар ҳам ҳавас қиладиган обод масканга айлантиришдир.


 


Report Page