Тўра Боболов вилоят аҳолисига навбатдаги мурожаат билан чиқди

Тўра Боболов вилоят аҳолисига навбатдаги мурожаат билан чиқди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилиб, вилоятдаги ҳозирги эпидемиологик вазият ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш учун зарур профилактик чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида маълум қилди.

“Минг афсуски, вилоятдаги айрим раҳбар ва ходимларнинг, фуқароларимизнинг карантин қоидаларига қатъий риоя қилишдаги эътиборсизлиги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, вилоят ташкилотларининг бирида карантин қоидаларига риоя этилмаганлиги, яъни ходимларнинг ишга келишида термометрия қилинмаганлиги, антисептик воситаларидан фойдаланилмаганлиги, 2 метрлик ижтимоий масофа сақланмаганлиги, ниқоб тақиш ва дизенфекция ишлари амалга оширилмаганлиги натижасида Тошкент шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтган бемор ходим ишга чиқиб, ҳамкасабларига коронавирус инфекциясининг юқишига сабабчи бўлган.

Бунинг натижасида ушбу бемор билан мулоқотда бўлган 300 нафардан ортиқ фуқаро бугунги кунда карантинга олиниб, 9 нафарининг ушбу касалликка чалинганлиги тасдиқланди. Яна бир нечта фуқарода ушбу касаллик гумон қилинмоқда.

Шунингдек, тўй ва маракаларнинг белгиланган талаблар бўйича ўтказилмаганлиги натижасида ҳам кўплаб фуқаролар карантинга олинмоқда. Хусусан, Музработ туманида ўтказилган тўйда белгиланган карантин қоидаларига амал қилинмаганлиги натижасида 250 дан ортиқ фуқоро карантинга олинди.

Шу тариқа ҳозирда вилоятда 4118 нафар фуқаро карантинга олинган. Уларнинг 298 нафари тиббиёт муассасаларида, 678 нафари сиҳатгоҳ ва махсус биноларда, 3142 нафари эса ўз уйларида кузатувда бўлиб турибди.

Энг ёмони, бу касаллик аҳоли орасида аниқланаяпди. Улар касалликни айнан қаерда юқтирганлигини,  касаллик манбаини аниқлашимизнинг имкони қийин бўлмаяпти.

Коронавирус инфекциясини биргалашиб, карантин қоидаларига сўзсиз амал қилган ҳолда ҳаракат қилмасак ҳеч қачон енга олмаймиз.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, “Биз бириксак, биргаликда, ҳамжиҳатликда шахсий намуна асосида, интизом билан курашсак, мазкур пандемияни енгамиз”. Бунинг учун имкониятимиз ҳам, кучимиз ҳам етади.

Шунинг учун вирус тарқалишининг олдини олишда барчамиз бирдек масъулиятимизни ошириб, бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим.

Кузатилаётган эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, биз бугундан Термиз шаҳрига кириб-чиқишни тўхтатдик ва бир қатор юмшатишларни бекор қилдик.

Термиз шаҳри фуқаролари, тадбиркорлари бундан тўғри хулоса чиқариб, карантин талабларига риоя этиши лозим. Шу билан бирга, эпидемик вазият муракаб бўлган Термиз, Денов, Музработ, Шўрчи, Қумқўрғон ва Бойсун туманларида ҳам карантин талабларини қатъийлаштирамиз.

Шунинг учун, воҳадошларимиздан зарур бўлмаган ҳолатларда кўчага чиқмасликларини, жуда зарурият туғилганда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ниқоб тақиб чиқишларини, шифокорлар тавсиясига кўра юз-қўлларини гигиена воситаларида доимий тозалаб туришларини илтимос қиламан.

Агар оила аъзоларингиздан кимнингдир ҳарорати кескин ошадиган ёки соғлиғида бошқа бирор ўзгариш бўлса зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг.

“Ўтиб кетади”, деб мустақил даволанишга уринманг! Касаллик қанча эрта аниқланса, унинг олдини олиш ҳам осон кечади.

Баъзи фуқароларимиз андиша қилади, “Уйда даволанаман”, деб оила аъзолари ва яқинлари ҳаётини катта хавф-хатарга қўяди. Шунинг учун, аввало, ўзингиз, оила аъзоларингиз ҳамда яқинларингиз соғлигини ўйлашингизни сўрайман” — дейилади вилоят ҳокими мурожаатида.

Report Page