Деновда бошланган яратувчанлик ишларининг бориши таҳлил қилинди
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Денов тумани фаоллари, алоқадор вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилди.
Йиғилишда Президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Одил Абдураҳмонов ҳамда Республика Марказий банки раиси ўринбосари Бобир Абубакиров ҳам иштирок этди.


Биласиз, Денов вилоятнинг аҳоли энг кўп жойлашган ҳудуди ҳисобланади. Илгари туман бош режасида урбанизация талаблари инобатга олинмаган, ижтимоий, маданий ва иқтисодий иншоотларни палапартиш жойлаштирган, натижада туман маркази анча зич, транспорт ҳаракатланиши қийин, бозор ва бошқа жамоат жойларида айрим муаммолар кузатилаётганди.
2020 — 2022 йилларда Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига асосан, энди бундай муаммоларга барҳам берилиб, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланган ҳолда, бу ерда узоқ йиллар давомида шаклланган ҳунармандчилик ҳамда тадбиркорлик, саноат, туризм, хизмат кўрсатиш ва аграр соҳани ривожлантириш, туман марказининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, унинг тарихий қисмини реконструкция қилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари самарали ташкил этиладиган бўлди.


Дастурга мувофиқ, туманда 7 банд ва 16 йўналиш бўйича жами 505 та лойиҳани амалга ошириш учун 3 трлн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланди.
Хусусан, уч йил давомида саноат (51 та лойиҳа), хизмат кўрсатиш (46), қишлоқ хўжалиги (50), йўл-транспорт (67), ичимлик суви ва канализация (11), электр энергия (105), газ (22) таъминоти, ахборот-коммуникация (2), мактабгача таълим (51), умумтаълим мактаблари (17), соғлиқни сақлаш (9), спорт (4), маданият (3), ободонлаштириш( 38), кўп қаватли уй-жойларни қуриш (4) ва иситиш тизими (5), тадбиркорлик ҳамда туризм каби соҳаларни ривожлантириш ишларини кенг кўламда амалга ошириш кўзда тутилди.


Деҳқон бозори ва унинг атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари, йирик саноат корхоналари, марказий жоме масжиди туман марказидан ташқарига кўчирилади.
Шаҳарсозлик талаблари асосида туман маркази янги қиёфа касб этиб, замонавий кўп қаватли уй-жойлар, кўрам савдо ва ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш объектлари, “ақлли бекат”лар қурилади.
XVI-асрда бунёд этилган, бугунги кунда таъмирталаб бўлиб қолган “Саид-Оталиқ” мадрасаси мажмуаси ҳамда “Хожа Алоуддин Аттор” меъморий обидалари таъмирлаб, тикланади.
Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 4р-108 “Денов айланма йўли”, М-41 “Бишкек-Термиз-Душанбе” автомобиль йўлини боғловчи темир йўл устидан ўтувчи ҳамда туман марказидаги “Гулистон” ва “Лолазор” маҳаллаларини боғловчи Қизилсув дарёси устидан ўтувчи янги кўприклар қурилади ва ҳоказо.


Фаоллар йиғилишида дастурда белгиланган ушбу чора-тадбирлар ижроси бирма-бир таҳлил қилиниб, амалга оширилаётган тадбирларнинг аҳоли ҳаёти сифатига таъсир этиш даражасини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

