Бизнес-форум иштирокчилари Сурхондарёга келди

Бизнес-форум иштирокчилари Сурхондарёга келди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 25 май куни Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Афғонистон ишбилармонларининг бизнес-форумида иштирок этиш учун қўшни давлатдан келган делегация аъзолари “Айритом” чегара божхона постида тантанали кутиб олинди.

Делегация сафида бир гуруҳ тадбиркорлар билан бирга Афғонистон Ислом Республикасининг Президенти Девони раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар, Афғонистон Савдо-саноат палаталари федерацияси раиси Исмоил Ғазанфар, Балх вилояти волийси Муҳаммад Фарҳод Азимий сингари мартабали меҳмонлар ҳам бор.

Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” ҳудудидаги сўлим боғда Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум, ҳудудлар ва тармоқлараро саноат ярмаркаси ҳамда кооперация биржаси, шунингдек, “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтади.

Мазкур тадбирга пухта ҳозирлик кўрилиб, кўча ва хиёбонлар тадбир мазмунига мос баннерлар билан безатилди. Бизнес форум, кўргазмалар, саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказиладиган ҳудудларда йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, барча шароит яратилди.

Бизнес-форум доирасида ташкил этилаётган ҳудудлар ва тармоқлараро саноат ярмаркаси, кооперация биржаси ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмасида мамлакатимиз вилоятлари ва Сурхондарёда ишлаб чиқарилаётган қурилиш моллари, электротехника, чарм, текстиль саноати, қишлоқ хўжалиги, автотранспорт воситалари ва бошқа маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари кенг намойиш этилади. В2В, G2B учрашувлари бўлиб ўтади.

Тадбирда давлатларимиз ишбилармонларининг кўплаб икки томонлама фойдали шартномалар имзолаши кутилмоқда.



Report Page