Тўра Боболов: Бойсуннинг эски бозори бузилмайди, замонавий “Эко бозор”га айлантирилади

Тўра Боболов: Бойсуннинг эски бозори бузилмайди, замонавий “Эко бозор”га айлантирилади

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Кеча Сирдарё вилоятининг тошқиндан зарар кўрган аҳоли пунктларидаги Сурхондарёга бириктирилган 120 та уй-жойни тиклаш ва таъмирлаш ишларини ташкиллаштириб қайтган вилоятимиз ҳокими Тўра Боболов бугун Бойсун туманига борди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 12 май куни Бойсун туманининг А.Навоий номли кўчасига келиб турган бульдозер бу ердаги айрим фуқаролар томонидан эски бозорни бузиш учун келтирилган, деб нотўғри талқин қилиниши ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Вилоят ҳокими дастлаб туманнинг “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида янги барпо этилган “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори”да бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, сотувчи ва харидорлар билан суҳбатлашди.

Фуқаролар аввалги шароитидан ҳозиргиси тубдан яхши эканлиги, янги савдо мажмуасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатиш учун барча қулайликлар мавжудлигини таъкидлашди. Ўзларини қизиқтирган барча саволларга вилоят ҳокимидан жавоб олишди.

– Кимнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорини бориб кўр, деб халқимиз бежизга айтмаган, – деди Тўра Боболов. – “Тузбозор” маҳалласида жойлашган бозор анча эскирди. У ердаги ҳолатлар тамаддунлар бешиги сифатида эътироф этиладиган Бойсунга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларда ҳам ажабланиш ҳиссини уйғотарди. Бугунги замон барчамиздан янгича қараш ва янгича иш тутишни талаб этмоқда. Шунинг учун аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ва савдо қилиш шароитларини яхшилаш мақсадида бу ерда замонавий савдо комплекси қурилди.

“Эски “Тузбозор” ҳам бузилмайди. Аксинча, реконструкция қилиниб “Эко бозор”га айлантирилади. Бу аҳолига кенг қулайликлар яратиш билан бирга, савдо хизмати кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади. “Эко бозор” битгач, хоҳловчилар у ерда савдо-сотиқ ишларини бемалол давом эттиришлари мумкин ”, – деди вилоят ҳокими.

Шундан сўнг Тўра Боболов эски бозорни ҳам бориб кўрди. Масъуллар тасдиқланган бош режа асосида ҳудуднинг шаҳарсозлик қиёфасини шакллантирувчи кўп қаватли замонавий уй-жойлар, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият, санъат ва дам олиш объектларини қуриш ва таъмирлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тузилмаларини яхшилаш билан боғлиқ режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида вилоят ҳокимига ахборот бердилар.

Вилоят ҳокими бозордаги ҳаминқадар расталар, тор, айниқса, ёмғирли кунларда сув ва лой бўлиши сотувчи ва харидорларга қийинчиликлар туғдирган йўлакларни кўриб, “Тузбозор” ўрнида фаолиятини замонавий асосда йўлга қўйиш имконини берадиган янги типдаги бозор лойиҳасини жадаллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш, сотувчи ва харидорлар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.



Report Page