Мавлуда Қобулова “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари этиб тайинланди
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раисининг буйруғига асосан Қобулова Мавлуда Умаржоновна жорий йилнинг 4 майидан умуммиллий ҳаракатнинг вилоят бўлинмаси раҳбари лавозимига тайинланди.
М.Қобулова Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент педиатрия медицина институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – врач-педиатр. Илмий унвони – тиббиёт фанлари номзоди, доцент. Халқ депутатлари Сурходарё вилояти Кенгаши депутати.
Меҳнат фаолияти давомида 1977-1989 йилларда Денов тумани марказий шифохонаси ҳамшираси, катта ҳамшираси, 1995-1998 йилларда Денов тумани марказий касалхонаси туғруқ бўлими врач-интернаси, врач неонатологи, бош неонотологи, врач-статисти, 1998-2003 йилларда Тошкент педиатрия медицина институти ассистенти, доценти, ўқув-услубий бўлими бошлиғи, 2003-2004 йилларда Денов тумани Ҳазорбоғ шифохонаси бош врачи, 2004-2005 йилларда Денов тумани марказий шифохонаси бош врачи ўринбосари, 2005-2020 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган.
2020 йилдан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.
Маълумот учун: Президент фармонига мувофиқ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоят бўлинмаси раҳбари бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокими маслаҳатчиси ҳисобланади.