“Термиз халқаро савдо маркази” учун лойиҳалар танлови ўтказилди
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati
Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 12 ноябрдаги Фармони билан тузилган Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов видеоконференцалоқа шаклида ҳокимлик студиясидан иштирок этди.


Йиғилишда Сурхондарё вилоятида “Термиз халқаро савдо маркази”и объектларини лойиҳалаш, қуриш ва сотишни ташкил этиш бўйича танловга талабгорлардан келиб тушган таклифлар кўриб чиқилди.
Очиқ танловда учта йирик қурилиш корхоналари ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Термиз тумани “Айритом” МФЙдаги 26 га ҳудуд учун “Beijing Xinshiyuan Technology Development Co.Ltd” компанияси таклиф этаётган лойиҳага кўра, эркин савдо зонасида савдо расталари, омборхона, мамурий бино, машиналар учун тураргох, уч юлдузли меҳмонхона, кафе ва ресторанлар ташкил этилади. Мазкур лойиҳа тўлиқ қувватда ишга тушгач, 4 минг янги иш ўрни яратилади.

Яна бир лойиҳани Термиз халқаро аэропорти, Сурхондарё вилоят давлат архиви биноси, Термиз туманида 100 ўринли махсус шифохона ва 1000 ўринга мўлжалланган вактинчалик беморларни саклаш объектларини қурган “Сурхон саноат-таъминот” МЧЖ тақдим этди. “Сурхон саноат-таъминот” томонидан йиғилганлар эътиборига тақдим этилган лойиҳа концепциясини ишлаб чиқишда Хитой, Туркиядаги халқаро савдо марказлари тажрибаларидан унумли фойдаланилган. Лойиҳада асосан савдо, логистика марказлари, меҳмонхона, тиббиёт маркази, молия муассасалари, атвомобилларга техник хизмат кўрсатиш нуқталари ўрин олган. Лойиҳа амалга оширилгач, 5 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши маълум қилинди.

Танловда “Fabullo stroy servis” МЧЖ ҳам иштирок этди. Тақдим этилган лойиҳада асосан савдо дўконлари, меҳмонхона, маъмурий бино, умумий овқатланиш объектлари, даволаниш муассасалари, логистика ва хизматлар маркази қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа амалга оширилгач 5 минг янги иш ўрни яратилади.

Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган йиғилишда талабгорларнинг танлов таклифлари ва тақдимот материаллари атрофлича кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳ аъзоларининг овоз бериш натижаларига кўра, “Сурхон саноат-таъминот” МЧЖ танлов ғолиби деб топилди.
Лойиҳа доирасидаги қурилиш ишлари 2022 йилнинг 2-чорагида якунланиши режалаштирилган.
