Расмий муносабат: “Эски Термиз” муҳофаза ҳудудидан тупроқ қазиб олиш ишлари тўхтатилган
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmatiСурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 2021 йилнинг 19 март куни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган “Сен ўтмишга тош отсанг, келажак сени замбаракдан ўққа тутади!” сарлавҳали постдаги ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Постда муаллиф буюк аллома Варроқ Термизийнинг қабри ва унинг атрофи текисланаётганлиги, ҳудудда тадбиркор автомашиналар турар жойи қурмоқчи бўлганлигини таъкидлайди.

Маълумот учун айтиш керакки, Термиз туманидаги “Қоратепа”, “Фаёзтепа” “Термиз шоҳлар” саройи каби ўнлаб жаҳонга машҳур обидаларни қамраб олган “Эски Термиз” археологик ҳудудининг 500 гектарлик умумий ер майдони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги тегишли қарори билан давлат муҳофазасига олинган.
Археологик ҳудуднинг оператив бошқариш ҳуқуқи Термиз давлат музей-қўриқхонасига топширилган бўлиб, ҳудудда қурилиш, таъмирлаш, текислаш ва бошқа ишларни амалга ошириш қатъиян ман этилган.
Милоддан аввалги IX-X асрларда яшаб, фаолият кўрсатган улуғ аллома Абу Бакр Варроқ Термизий қабри ҳам ушбу археология ёдгорлиги ҳудудида жойлашган бўлиб, Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин эгаллайди.
Аммо, Термиз шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Complex Technical Services” МЧЖга “Автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, автомобилларга сиқилган газ қуйиш компрессор станцияси ҳамда автотранспорт воситаларининг замонавий савдо мажмуаси” қуриш учун Термиз тумани “Янгиобод” маҳалласи ҳудудидаги туман захира фондидан 10 гектар яйлов ер майдони ажратилган.
Жорий йилнинг 19 март куни олиб борилган ўрганишлар давомида ўзига ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини амалга ошириш учун МЧЖ томонидан 100 метр узоқликда жойлашган муҳофаза ҳудуднинг чегара қисмидан ўзбошимчалик билан тупроқ қазиб олиш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда “Эски Термиз” ҳудудидан тупроқ қазиб олиш ишлари тўхтатилган. Варроқ Термизий мақбарасига туташ ёдгорликларга қисман зиён етган. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти ва унинг муҳофаза ҳудудида ноқонуний ишларни олиб боргани учун “Complex Technical Services” МЧЖга нисбатан ўрнатилган тартибда қонуний чора кўриш бўйича вилоят прокуратурасига ҳужжатлар тақдим этилган.