Сурхондарё вилояти ҳокимининг янги ўринбосари тайинланди

Сурхондарё вилояти ҳокимининг янги ўринбосари тайинланди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Бугун, 21 февраль куни вилоят ҳокими Тўра Боболов раислигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари - вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари тайинланди.

Хўжақулов Абдисалом Пардаевич Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. А.Хўжақулов 2019 йилдан бугунги кунгача Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Қобулова Мавлуда Умаржоновна вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. М.Қобулова 2018 йилдан буён Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Менглиев Фахриддин Валиевич бошқарма бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Ф.Менглиев 2019 йилдан бугунги кунгача Музработ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимида ишлаб келган.

Соатов Арзикул Чоршанбиевич бошқарма бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. А. Соатов 2018 йилдан буён  бугунги кунгача Сурхондарё вилояти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармасининг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатишдир.