Туризм соҳасида ҳамкорлик

Туризм соҳасида ҳамкорлик

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Кейинги йилларда ўзбек ва афғон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Бунда икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлар, шу асносида чегараолди Сурхондарё ва Балх вилоятлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этаяпти, албатта.

Бугун, 3 февраль куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Афғонистоннинг “Kabul-Temez Tourism Company” раҳбари Змараи Салеҳ Зой билан бўлган мулоқотида туризм соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

— Юртингизда ўзгаришлар кўлами жуда кенгайиб бормоқда, — дейди афғонистонлик ишбилармон Змараи Салеҳ Зой. — Бу заминда кўплаб тарихий обидалар мавжуд. Табиати ўзига хос. Шу маънода мақсадимиз афғонистонлик саёҳларни бу ерга кўпроқ жалб этиш, уларни вилоят туристик салоҳияти билан яқиндан таништиришдир.

Ўтган йили Сурхондарё вилоятига 114 та хорижий давлатдан 119 минг 756 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу 2018 йилга нисбатан 3,7 бараварга ўсган. Соҳани тараққий эттиришга қаратилаётган эътибор, сайёҳлик инфратузилмасининг такомиллаштирилаётгани, хориж давлатлари учун визасиз режим йўлга қўйилаётгани ёки виза олиш тартиби осонлаштирилаётгани сайёҳлар оқими кўпайишида намоён бўлаяпти.


Report Page