СУРАТ ЭМАС, СИЙРАТ МУҲИМ ёхуд айрим ёшлар юриш-туришига бир назар!
muslim.uzҲар бир миллат тараққий этиши унинг маънавияти ва ақл-заковатига боғлиқдир. Аллоҳ таоло одамларни гўзал одоб-ахлоқ ва илму маърифат эгаси бўлишга чақиради. Шу боис ҳам ота-боболаримиз фарзандларининг хусни-хулқи, таълим-тарбиясига катта эътибор берганлар.
Одатда, биз одоб-ахлоқнинг мукаммал намунасини Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда кўрамиз. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули алайҳиссалом: “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим”, дея марҳамат қилганлар. Шундай чиройли хулқли бўлишни саҳобаи киромлар, улуғ зотлар ва ва олиму уламолар ўз сиймоларида давом эттирганлар.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Диннинг деярли учдан икки қисми одобдир”, деб айтганлар. Дарҳақиқат, Ислом дини кишининг ўзи ва сўзи, ботини ва зоҳири, муомаласи-ю юриш-туриши, борингки, ҳар жиҳатини гўзал бўлишини талаб қилади.
Афсуски, сўнгги пайтларда айрим ёшлар сийратдан кўра, суратга қараб, андоза олиши авж олмоқда. Баъзи бир кимсалар ташқи кўринишда гўёки ўзини тақводор кўрсатиб, атрофдаги кишиларга беписанд муносабатда бўлаётганлари кузатилмоқда. Айниқса, айрим ёшлар бетартиб соч-соқол қўйиб, кишилар билан қўпол муомалада бўлаётгани кўпчиликни ажаблантирмоқда. Булар чин мўминлик сифатларига тўғри келмайдиган ишлардир.
Бугунги кунда илғор мамлакатлар ёшлари илм-фан ва замонавий соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритаётган бир паллада айрим ёшларнинг соқолни қанча қўйиш-у, кийимни қандай кийишдан нарига ўтолмаётгани, албатта, ташвишланарлидир.
Аслида, инсоннинг имон-эътиқоди, аввало, ўзи ва охирати учундир. Мусулмон киши диний эътиқодини рўкач қилиб, жамиятда обрў-эътибор орттириши ёки ҳаммани ўзига қаратиши жоиз эмас.
Баъзи ёшларга мурожаатимиз шуки, енгил-елпи масалалар билан банд бўлиб, муҳим масалаларда ғафлатда қолманг! Яқин ўтмишда етти иқлимга донғи кетган, илм ва тақвода комилликка эришган ислом уламоларининг ташқи кўринишига назар солсак, юз-қиёфалари айрим ёшлар иддао қилаётгандек эмас, балки мўътадил эканига гувоҳ бўламиз. Уларнинг қилган хизматлари эса, ҳозир ҳам бутун умматни ҳидоятга бошлашга васила бўлмоқда.

1. ШАЙХ МУҲАММАД МУТАВАЛЛИ ШАЪРОВИЙ
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий 1911 йилда Мисрда таваллуд топган. 11 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. 1922 йилда ал-Азҳар универститетига қарашли илм даргоҳига ўқишга кирган.
Шайх Шаъровий 1937 йилда ал-Азҳарга ўқишга кирган. Азҳарни битиргач, мударрисликка тайинланади. 1950 йилда Шайх Шаъровий Саудия Арабистонидаги Қирол Абдулазиз университетида дарс бера бошлайди.
1976 йилда Миср Араб Республикаси Бош вазири Мамдуҳ Солим Шаъровийни Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига қабул қилган. Уни Миср Вақф ва Азҳар ишлари вазири этиб тайинлаган. 1978 йилгача ушбу вазифада хизмат қилади. У Мисрда илк исломий банкни ташкил этган.
Шайх Шаъровий 100 га асар ёзган.
Шайх Шаъровий 1998 йилда 87 ёшида вафот этган.

2. МУҲАММАД САИД РАМАЗОН БУТИЙ
1929 йилда Ироқда туғилган. 1956 йилда ал-Азҳар университетини тамомлаган. 1965 йилда докторлик илмий даражасига эга бўлган. Дамашқ университетида турли вазифаларда фаолият юритган. Иорданиянинг Уммон шаҳридаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академияси ҳамда Оксфорд академияси олий мажлиси каби кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар аъзоси бўлган.
Ислом оламининг кўзга кўринган уламоси Муҳаммад Саид Рамазон Бутий “Кубро яқиниёт ал-кавния”, “Фиқҳус-сийра ан-Набавия”, “Шарҳу ҳикамил атоия”, “Ҳазиҳи мушкилатуҳум” каби 40 дан зиёд асар ёзган.
У 2013 йилда вафот этган.

3. АБДУЛЛОҲ ИБН БАЙЯ
1935 йилда Мавританияда туғилган. Аҳли сунна вал жамоа йўналишидаги тўрт мазҳаб бўйича дунёнинг энг нуфузли уламоларидан бири саналади. Абдуллоҳ ибн Байя йирик халқаро ислом ташкилотлари аъзоси. Жумладан, у Мусулмон жамиятларида тинчликни мустаҳкамлаш форуми раиси, Ислом фиқҳи академияси аъзоси, Ислом олами уюшмасининг халқаро масжидлар қўмитаси аъзоси, Иорданиядаги қироллик академияси аъзосидир.
2013 йилга қадар Жаҳон мусулмон уламолари кенгаши раиси ўринбосари вазифасида хизмат қилган. Ҳозир Саудия Арабистонидаги Қирол Абдулазиз университетида дарс беради.
“Исломда инсон ҳуқуқлари ҳақидаги суҳбат”, “Фатавои фикрия” ва “Фатво чиқариш ва озчилик фиқҳи” каби асарлар муаллифидир.

4. АҲМАД ТОЙЙИБ
1946 йилда Мисрда туғилган. Дунё мусулмон уламоларининг кўзга кўринган вакили. 1971 йилда ал-Азҳар университетини тамомлаган. Франция университетида ислом фалсафаси бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2002-2003 йилларда Миср диёрининг муфтийси вазифасида хизмат қилган.
2010 йилдан Азҳари шариф шайхи ҳисобланади.

5. АҲМАД МУҲАММАД ХАЛИЛ
1948 йилда Иорданияда туғилган. 1972 йилда Мадина ислом университетини, 1978 йилда Азҳар университетини тамомлаган. Азҳар университетида фан доктори илмий даражасини олган. Тафсир ва Қуръон илмлари бўйича мутахассис. 2001 – 2005 йилларда Иордания вақф ишлари вазири вазифасида ишлаган. 2006 йилдан Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг бош қозиси вазифасида фаолият юритган.

6. ДОКТОР АЛИ ЖУМА
1951 йил Мисрда туғилган. 1969 – 1973 йилларда Айнуш-шамс университетида таҳсил олган. 1985 – 1988 йилларда Азҳар университетининг Шариат ва қонун факультетида таълим олган. 1988 йилда Усул ал-фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори унвонига эга бўлган. 2003 йилга қадар Миср диёри муфтийси вазифасида хизмат қилган. 1988 йилдан ҳозирга қадар Азҳар университетида талабаларга Ислом ҳуқуқшунослиги фанидан маърузалар ўқийди. Доктор Али Жума ислом оламида ўз таъсир кучи ва катта обрў-эътиборга эга бўлган ислом мутафаккирларидан биридир.

7. ШАВҚИЙ АЛЛОМ
1961 йилда Мисрда туғилган. 1990 йилда Азҳар университетининг магистратура босқичини тамомлаган. 1996 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2013 йилдан Миср муфтийси вазифасида хизмат қилади. Мусулмон дунёсининг йирик уламоларидан бири ҳисобланади.

8. МУҲАММАД РАТИБ АН-НАБУЛСИЙ
Муҳаммад Ратиб ан-Набулсий 1939 йилда туғилган. У замонамизнинг машҳур воизи бўлиб, у Қуръоннинг илмий мўжизалари ва тафсири, мўжизалари идораси раҳбари бўлиб, кўп китоблар ёзган. Шунингдек, ушбу олим ўзининг машҳур ҳикматлари билан кўпчиликка яхши маълум.
Муҳаммад Ратиб ан-Набулсий кўп халқаро анжуманларда иштирок етган. Шунингдек, унинг Aллоҳнинг гўзал исмлари ва Шамоилун набавия бўйича силсилавий дарслари кенг тарқалган.

9. ШАЙХ ЗИЁУДДИНХОН ИБН ЭШОН БОБОХОН
Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1920 йили Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган, ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганган. 1943 йили ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида масъул котиб ва Ўзбекистон қозиси этиб сайланган. У 1947-1948 йилларда Қоҳирадаги Ал-Азҳар дорилфунунида, сўнгра Макка ва Мадина шаҳарларида таҳсил олган. 1948 йили минтақа мусулмонлари диний бошқармаси раиси ноиби, 1957 йилда муфтий этиб сайланган. Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний раҳнамоси сифатида шуҳрат қозонган. 1982 йилга қадар ушбу вазифада самарали хизмат қилган.
У кишининг раҳбарлиги даврида Қуръони карим ва бошқа диний китоб-дарсликлар чоп этилган, Тошкент Ислом олий маъҳади очилган, мусулмонлар учун журнал, тақвим нашр этила бошлаган. Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Иордания, Марокаш, Ливан мамлакатлари мукофотларини олган, бир неча илмий-маърифий асарлар муаллифидир.

10. ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил Андижон вилоятида туғилган. 1971 – 1975 йилларда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида таълим олган. 1980 йилда Ливиядаги Исломий даъват университетини тамомлаган. 1980 – 1986 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида хизмат қилган. 1986 – 1989 йилларда Тошкент ислом институти проректори, ректори лавозимларида фаолият юритган. 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтий этиб сайланган.
Макка шаҳридаги Ислом олами уюшмаси, Ислом фиқҳи академияси, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Дунё масжидлари уюшмаси каби кўплаб халқаро исломий ташкилотлар ҳайъатлари аъзоси бўлган. Мусулмон дунёсининг эътироф этилган уламоларидан бири.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол”, “Олтин силсила”, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Сунний ақидалар”, “Дин насиҳатдир”, “Ихтилофлар ҳақида”, “Поклик иймондандир”, “Бахтиёр оила” ва “Ижтимоий одоблар” каби диний мавзулардаги 100 дан зиёд асар китобхонлар орасида яхши танилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Азиз диндошим! Илмда, ҳилмда ва дин хизматида биздан бир неча баробар пешқадам бўлган мўътабар зотларнинг мисолларини келтирдик. Улуғ зотлардан бирлари: “Ким сиздан ахлоқ жиҳатидан устун бўлса, демак, у дин жиҳатидан ҳам сиздан устундир”, деган эканлар.