Эндиликда судларда “менинг суддаги ишим” интерактив хизмати жорий этилади-ми?

Эндиликда судларда “менинг суддаги ишим” интерактив хизмати жорий этилади-ми?


Сўнгги йилларда суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини бермоқда.

Зеро, ҳозирги даврда соҳани рақамлаштирмай туриб, очиқлик ва шафофликни таъминлаш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштиришнинг имкони йўқ.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2025 йил 21 август куни “Судлар фаолиятига сунъий интелект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимини

моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.

Мазкур фармон суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказишга, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиб, улар учун бир қатор қулайликлар яратишга қаратилган.

Фармон билан “Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш кўзда тутилди, хусусан:
- судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади;
-мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;
-ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;
-тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;
-суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;
-суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;
-сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;
-суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Бундан ташқари, суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари этиб қуйидагилар белгиланди.

-2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;

-2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;

-2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;

-2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;

-2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш.

-“Менинг суддаги ишим интерактив хизматини жорий этиш. Бунда шахсга тегишли бўлган барча йўналишдаги суд ишлари билан танишиш имкониятини яратиш.
-судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланган барча жарималарни онлайн кузатиш, унинг тўлов муддатлари ҳақида огоҳлантириш ва тўловларни электрон амалга ошириш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш.
-судда иштирок этувчи шахслардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд маълумотларни судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш.
-суд мажлиси иштирокчилари суд жараёнларида ҳозир бўлганини тасдиқлаш жараёнини тўлиқ рақамли шаклга ўтказиш. Бунда суд мажлиси иштирокчилари суд таркибига ва судья томонидан бошқа тушунтиришларга розилигини бармоқ сканери ёрдамида тасдиқлаш имкониятини яратиш.

Хулоса қилиб айтганда, одил судлов соҳасини рақамлаштириш мақсадида ривожланган давлатларнинг тажрибаси асосида ишлаб чиқилган “Рақамли суд” концепцияси коррупциянинг олдини олишга, фуқароларга судларга ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз мурожаат қилиш имкониятини беришга, очиқ ва ошкор суд муҳокамасида иштирок этишга, фуқаролар ва тадбиркорларга оворагарчиликсиз одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга, судларнинг иш фаолиятини енгиллаштиришга, судга нисбатан жамият ишончини оширишга хизмат қилади.


Сардор Эгамназаров

Жиноят ишлари бўйича Гулистон туман

судининг тергов судьяси 




Report Page