Эндиликда судларда виртуал маслаҳатчилар сунъий интеллект асосида ишлайди
Адолат – давлатнинг асосий устунларидан бири. Суд тизими эса жамиятда ҳуқуқий хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, ҳуқуқий қарорларнинг шаффоф ва холис қабул қилиниши учун марказий аҳамиятга эга. Замонавий технологиялар, айниқса, сунъий интеллект, рақамлаштириш жараёнлари бу мақсадларга эришишда муҳим воситаларга айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий‑техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора‑тадбирлар тўғрисида”ги Фармони шу йўналишдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Фармонда белгиланган устувор вазифалар қуйидагилар:
- “Рақамли суд” концепциясини жорий этиш;
- Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан босқичма‑босқич воз кечиш, ишларни тўлиқ электрон шаклда олиб бориш;
- Сунъий интеллект технологиялари учун зарур техник инфратузилма яратиш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- Олий суднинг ахборот тизимлари асосида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, судьялар ва суд ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириш;
- Иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;
- Суд мажлиси залларини ташкил этиш, фуқаролар ва судьялар учун қулайлик, суд бинолари ва уларнинг жиҳозланиши, техник жиҳатдан мукаммал муҳитни яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш.
Мазкур Фармоннинг амалга оширилиши натижасида қуйидагича ижобий натижаларга эришиш мумкин:
Суд ишларини юритиш тезлиги ва самараси ошади, жараёнлардаги бюрократия пасаяди.
Шаффофлик, ошкоралик ва фуқароларнинг ҳуқуқий маълумотларга кириши яхшиланади.
Суд қарорларига бўлган ишонч ошади.
Судья ва суд ходимларининг малакаси юксалади, рақамли техника ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш салоҳияти ошади.
Судлар моддий- техник жиҳатдан яхшироқ жиҳозланади, бинолар, заллар, ахборот тизимлари замонавийлаштирилади.
Қоғозли меҳнат ва ҳаражатлар камаяди ва тежалади.
Шунингдек, Фармонда белгиланган бир қатор муҳим чора‑тадбирлар ва уларнинг амалга ошириш муддатлари ҳам кўрсатилган бўлиб:
- 2025 йил якунланишигача Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида “Рақамли суд” концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўриш учун суд мажлиси заллари ташкил этилади.
- 2025 йил 1 декабрдан бошлаб норматив‑ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади.
- 2026 йил 1 январдан “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилади, виртуал маслаҳатчи сунъий интеллект асосида ишлайди.
- Электрон мурожаатлар, автоматик ҳужжат лойиҳалари, судга далил‑асослар ва иштирокчилар томонидан материалларга масофадан танишиш имконияти яратиш каби техник ва амалий воситаларни жорий этилади.
Бир сўз билан айтганда эса мазкур Фармон суд тизимини модернизациялаш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш бўйича катта қадамдир. Агар унинг чора‑тадбирлари самарали ва тизимли равишда амалга оширилса, судлар фаолиятида замонавийлик, шаффофлик ва самарадорлик сезиларли даражада яхшиланади, аҳолининг судларга бўлган ишончи ҳам таъминланади.
Азамжон Худойбердиев
Сирдарё вилояти судининг раиси