Никоҳни қонуний расмийлаштирмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари

Никоҳни қонуний расмийлаштирмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари


Сирдарёлик Наргиза фуқаролик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғини вояга етмаган фарзандининг отаси деб белгилашни, вояга етмаган боланинг ва ўзининг таъминоти учун алимент ундиришни ҳамда уйга яшаш учун киритишни, биргаликда сотиб олинган автомашинани умумий мулк деб топишни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар аёлнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.

Яъни суднинг ҳал қилув қарорига кўра, тарафлар қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда умумий рўзғор юритиб, бирга яшаб келганликлари ишдаги далиллар билан ўз тасдиғини топган. Наргизанинг шаърий турмуш ўртоғи эса вояга етмаган фарзандининг отаси эканлигини тан олганлиги боис мазкур даъво қаноатлантирилган ва вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун жавобгардан алимент ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, суд қарори билан даъвогар шаърий турмуш ўртоғига тегишли бўлган уйида доимий рўйхатда турганлиги, фойдаланиш ҳуқуқини йўқотмаганлиги боис даъвонинг ушбу қисми ҳам қаноатлантирилиб, Наргиза фарзанди билан доимий рўйхатда турган, умумий рўзғор юритиб, яшаб келган уйга киритилиши белгиланган.

Бироқ, даъвогар аёлнинг ўзи ва фарзандининг таъминоти учун алимент (моддий ёрдам) ундириш, биргаликда сотиб олинган автомашинани умумий мулк, деб топиш ҳақидаги даъво талаблари тарафларнинг қонуний никоҳлари мавжуд эмаслиги ва улар ўртасида фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан келиб чиққан бошқа шартноманинг мавжуд эмаслиги, шунингдек автомашина олди-сотди шартномасида аёлнинг шартнома тараф сифатида кўрсатилмаганлиги боис қаноатлантиришдан рад этилди.

 

Лобар Шербекова

Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси


Report Page