Тергов судьяси институти бу - ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институтдир

Тергов судьяси институти бу - ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институтдир


Суд мажлисида гарчи панжара ортида турсада, ҳар бир шахс ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши аниқ. Яъни панжаралар тўсиқ бўла олмайдиган шахсий ҳуқуқлар агар судланувчининг айби йўқлигини етарлича исботловчи далилларга таянса, суд томонидан адолатли оқлов ҳукми чиқиши табиий.  Президентнинг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан эса тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

Яъни мазкур фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилиб, улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Тергов судьяси институти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у Франция тарихида чуқур илдизга эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутган ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт сифатида намоён бўлган.

Бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Голландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари лавозими бор. У Литва, Молдавия, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда ҳам жорий этилган.

Айтиш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар иш бўйича барча ҳолатларнинг суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмларининг кўпайиши ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.


Иброҳим Қорабоев

Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси



Report Page