Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-89-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этиш белгиланган.

Жумладан:

  • тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласи бўйича қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимосномаларни, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик илтимосномаларни, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномаларни, мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимосномаларни, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни, тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимосномаларни, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимосномаларни,мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномаларни, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномасини, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларни, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасинини кўриб чиқиш ваколати берилган.

Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш кабилар тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.

Ушбу фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан тўлдиришини таъминлаш юклатилди.  

Фармонга мувофиқ, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бунда тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиши, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилиши ҳамда қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинч-тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. 


Искандар Мухаммадиев

жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг  девонхона мудири              

Report Page