Энди педагоглар судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади

Энди педагоглар судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади


Барчамизга маълумки, 2024 йил 1 февраль куни 21 моддадан иборат “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ҳужжатда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қатъий белгилаб қўйилди. Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.

Ҳужжатда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қатъий белгилаб қўйилди. Хусусан мазкур қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади. Шунингдек, педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ман этилади.

Бундан ташқари, педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, хусусан, иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш мумкин эмас.

Янги қонунга кўра, қуйидаги шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмаслиги белгиланди:

- қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;

- қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

- педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;

- психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар.

Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахсларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга қабул қилиш ман этилади.

Бундан ташқари, педагоглар судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилиб, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига қуйидаги қўшимчалар ҳам киритилди:

·      Педагог ходимлар –  касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

·      Улар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида педагог ходимларнинг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Маъмурий судларга шикоят қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Юқорида баён этилганларга кўра хулоса қилишимиз мумкинки, юртимизда педагогларнинг қонуний ҳимояси борасида сезиларли ишлар амалга оширилиб, уларнинг ўз фаолият эркинлигида ишончлари ошиб бормоқда. 


Ҳайдар Шомирзаев
Оқолтин туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири


Report Page