Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ҳақида биласизми?
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилнинг 21 декабрида «Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-210-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан "Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия" ташкил қилинди ва у қуйидагилардан иборат:
· ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия;
· камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири раҳбарлик қиладиган муносиб меҳнат масалалари бўйича кичик комиссия.
Фармон билан Миллий комиссиянинг асосий вазифалари ҳам белгиланди:
· республика ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТнинг одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, муносиб меҳнат тамойилларини, халқаро меҳнат стандартларини кенг жорий этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
· одам савдосига қарши курашишга оид дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
· одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш;
· одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тартибга солинмаган меҳнат миграцияси ҳолатларини камайтириш;
· одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, уларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш ҳамда ушбу турдаги жиноятлардан жабрланган шахсларга реабилитация ва реинтеграция хизматларини кўрсатиш амалиётини такомиллаштириш.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси юкланди.
Шаҳобиддин Данабаев
Сирдарё вилоят суди архив мудири