Сардобада ғаллага ўроқ тушди.

Сардобада ғаллага ўроқ тушди.

@sardoba_xabarlari
Cуратлар муаллифи Ф.ТОШМАТОВ

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги “Шодёр” фермер хўжалигида ғалла ўримига тушганлиги муносабат билан, карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, ўрим мавсуми бошлангани билан барча ғаллакорлар ва ўрим-йиғим отряди аъзоларини қизғин қутлади. 

– Бу йил сизларнинг зиммангизда, бошқа тумандагиларга қараганда икки ҳисса улканроқ масъулият турибди, – деди вилоят ҳокими ўз сўзида. – Чунки Президентимиз “Сардоба” сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш, таъмирлаш ва барча қулайликларга эга янги-янги уйларни қуриш ҳамда яроқсиз ҳолга келиб қолган буюмларнинг ўрнига янгисини олиш учун 3 тирилион сўм маблағ йўналтирди. Бу ҳазилакам сумма эмас. Бутун республикадан энг илғор қурилиш бригалари сув босган ҳудудларда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Шунинг учун бор эътиборимизни ғалла ўрим-йиғимига қаратиб, ҳосилни нес-нобудсиз бир мисқолини ҳам исроф қилмай ўриб-йиғиб олишимиз, олдимизга қўйган режани ортиғи билан уддалашимиз шарт. Ана ўшанда, Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрлигига жавобан юзимиз ёруғ бўлади.

Шунингдек, тадбирда ғалла ўрими билан боғлиқ барча жараёнларда тўхталишларга йўл қўйилмаслиги, ғалла ўримини, ташишни, сақлашни ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида ташкил этиш, ҳосилни нест-нобудсиз, қисқа фурсатларда ўриб-йиғиб олиш лозимлилиги алоҳида таъкидланди.

Жорий мавсум, ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, фермерлар ихтиёрида қолдирилиб келинган дон ҳам, яъни даладаги бор ҳосил қабул масканларига жамланиши, ушбу тизимининг жорий этилаётгани, янги замонавий ҳосил сифати, синфини ўта аниқликда аниқлайдиган замонавий лабаратория олиб келиб ўрнатилгани, фермерлар ҳосилини талофатсиз сақлаш, зарур ҳолларда ун ҳолида тортиб бериш, хоҳласа биржа орқали сотиш каби қулайликлар яратилгани хусусида ҳам тушунчалар берилди.

– Бу йилги ўрим-йиғим мавсумида Сардоба тумани тарихида биринчи марта 71 та комбайин ажратилди, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Искандар Тожиев. – Шунингдек, 281 та ташиш транспорти сафарбар этилиб, ғаллани сифатли ўриб олиш ва нес-нобудсиз омборларга етказиш учун 34 та отряд шакиллантирилди. 12 минг гектар майдондаги ғаллани ҳар гектаридан 53-55 центнердан ҳосил кўтарамиз ва жами 86 минг тонна дон ишлаб чиқариш эзгу мақсад йўлида меҳнат қилаяпмиз.

Ҳар бир ғалла қабул қилиш пункларимизда яхна ичимликлар, музқаймоқ ва перошки кун давомида бепул тарқатиб турилади. Отряднинг ҳар бир аъзоси махсус кийим-бош ва 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланди. Ўрим олдидан қурбонликка сўйилган буқа гўштидан ўрим-йиғим отряди аъзоларининг уйларига 1 килодан гўшт ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб берамиз. Бундан ташқари, ҳар бир отряд аъзосига банк пластик карталари очилди ва уларнинг ҳар бирига 400 минг сўмдан ортиқ маблағ ўтказиб бердик.

Сардоба тумани ғаллакорлари ўрим-йиғим ишларини 15 иш кунида якунлаш мақсадида юқори суръатлар билан меҳнат қилмоқдалар.

А.ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбири

Ф.ТОШМАТОВ,

суратлар муаллифи

Report Page