“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Холон технологиялари институти (Исроил) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Холон технологиялари институти (Исроил) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди


Шу кунларда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Исроил давлатида расмий ташриф билан бўлиб турибди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – соғлиқни сақлаш тизимидаги энг сўнгги ўзгаришлар, бошқарувнинг самарали усуллари, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологиялари билан танишиш, хорижий муассаса ва мутахассислар билан яқин алоқаларни ўрнатиш.

Делегация аъзолари бугунги кунга қадар Тель-Авив, Иерусалим ва Холон шаҳарларига ташриф буюриб, у ерда қатор учрашув ва музокаралар ўтказмоқдалар. Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази директори А.Бурханов Холон технологиялар институти вакиллари билан учрашди. Учрашув давомида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча йўналишларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, "Тараққиёт стратегияси" маркази фаолияти, унинг вазифа ва мақсадлари тақдимоти ўтказилди. Музокаралар якунларига кўра Марказ ва Холон технологиялар институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра томонлар юқори технологиялар ва замонавий инновацияларни Ўзбекистонда жорий қилиш, ҳамкорликда илмий тадқоқотлар ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.


"Тараққиёт стратегияси" матбуот хизмати
http://strategy.uz/fullstory.php?id=253